Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясига янги раҳбар сайланди (Фоторепортаж)

Фото: "olympic.uz"

Бугун МОҚда Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, МОҚ вице-президентлари Азиз Камилов ҳамда Сакен Полатов, шунингдек, спорт жамоатчилиги иштирок этди. Конференцияда кун тартибига қўйилган асосий масала ассоциациянинг амалдаги раиси Улуғбек Мирҳайдаровнинг ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этилиши бўйича ёзган аризасини кўриб чиқиш ва унинг ўрнига янги раҳбар сайлаш бўлди.

Йиғилиш давомида дастлаб У.Мирҳайдаров аризаси кўриб чиқилди. Конференция иштирокчилари бир овоздан унинг истеъфосини қабул қилишди.

Шундан сўнг МОҚ вице-президенти Азиз Камилов сўзга чиқиб, ассоциация раҳбарлиги учун шу пайтгача Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Мухторхон Махсудович Ташходжаев номзодини илгари сурди ва йиғилганларга номзод ҳақида қисқача маълумот бериб ўтди. Миллий олимпия қўмитаси расмий сайтининг маълум қилишича, овоз бериш жараёнида барча бир овоздан янги номзодни маъқуллади ва Мухторхон Ташходжаев Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясига янги раҳбар этиб сайланди.

Аввало, менга билдирилган ишонч учун ҳаммага раҳмат. Олдимизда Токио-2020 Паралимпия ўйинларидек масъулиятли мусобақа турибди. Риода қайд этилган натижа тасодиф эмаслигини исботлаш учун барчамиз биргаликда ҳаракат қиламиз. Жамоанинг ҳамжиҳатлигисиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Умид қиламанки, барчамиз бир жамоа бўлиб, олдимизга қўйилган вазифаларни адо этамиз”, – деди Мухторхон Ташходжаев.

Шунингдек, йиғилиш давомида Ойбек Касимов ва Азиз Камилов сўзга чиқиб, янги раҳбарнинг фаолиятида омад ва зафарлар тилаб ўтишди. Шунинг билан Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини якунлади.

Тадбир якунига етгач, барча Миллий Паралимпия ассоциациясида жам бўлди. У ерда МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов Паралимпия ассоциацияси мутасаддилари, спортчи ва тренерлар билан суҳбатлашди. МОҚ президенти учрашув давомида ташкилот аъзоларига янги раҳбарни яна бир бор таништириб, М.Ташходжаевнинг фаолиятида омад тилади.