Алишер Усмонов фонди Ўзбекистондаги «МИСиС»ни молиялаштиришда давом этади

Таниқли бизнесмен ва меценат Алишер Усмонов асос солган «Санъат, илм ва спорт» хайрия жамғармаси «МИСиС» Миллий технологик тадқиқотлар университети Олмалиқ филиалига унинг фаолиятини яхшилаш ва дарс сифатини оширишда ҳар томонлама ёрдам беришда давом этади. Бу ҳақда ташкилотнинг бош офиси маълум қилди.

Хабарда таъкидланишича, Ўзбекистондаги «МИСиС» филиали лойиҳасини амалга ошириш жамғарманинг энг муҳим ва устувор йўналишларидан бири ҳисобланади ва қисқа вақт ичида ташкилот Ўзбекистон томони билан ушбу масалада ҳамкорликни кучайтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Хусусан, жамғарма ўқув жараёнига чет эллик етакчи соҳа мутахассисларини жалб этиш, шунингдек, ушбу таълим даргоҳининг материал-техник ҳамда ахборот-ресурс базасини кучайтиришни мақсад қилиб олган.

Шу кунларда Олмалиқдаги «МИСиС» филиали 100 Мбит/с. тезликка эга бўлган Интернет тармоғига уланди. Натижада олийгоҳ халқаро илмий ва илмий-тадқиқот ишлари электрон базалари ва каталогларга, илмий ва бадиий адабиётларга онлайн уланишга муваффақ бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Олмалиқ шаҳрида МИСиС филиали очилиш маросими 2018 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган эди.