Тошкентдаги “Тошкент савдо маркази”, «Мегапланет» савдо марказларида ўнлаб ўғирлик қилган ўта хавфли рецидивист қамоққа олинди

1984 йил 18 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган Чоршанова Нилуфар Учкуновна илк маротаба Тошкент шаҳар Чилонзор туман судининг 1999 йил 22 мартдаги ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси(ЖК)нинг 25,169-моддаси 2-қисми “а” банди билан 3 йилга озодликдан маҳрум қилиниб, ЖКнинг 72-моддаси қўлланиб, шартли ҳукм қилинган ҳолда 2 йил синов муддати белгиланган.

“Jahon.uz” нашри ихтиёрида мавжуд тергов ва судга оид ҳужжатларга кўра, Нилуфар Чоршанова кетма-кет яна 7 марта судланди ва уларнинг барчасида у ўғирлик қилгани учун жавобгарликка тортилди.

Суднинг ҳукмига кўра, Н.Чоршанова муқаддам бир неча маротаба судланиб ва бундан ўзига тегишли ижобий хулоса чиқармасдан, яъни ҳеч қаерда ишламасдан ёки бирон-бир фойдали ижтимоий меҳнат билан шуғулланмасдан, маъмурий назорат қоидаларини бузиш ҳамда ўта хавфли рецидивист томонидан ўғирлик жиноятларини қасддан содир қилиш йўлига ўтади.

Н.Чоршанова муқаддам ўғирлик жинояти содир қилиб, ўта хавфли рецидивист бўлиб, Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани ҳудудида жойлашган “Тошкент савдо маркази” 3-савдо блоги, 4-қатор, 17-сонли дўконига харидор сифатида кириб ва ушбу савдо дўкони ташқарисида турган пештахтага ечиб қўйилган фуқаро А.Султоновага тегишли аёллар кийими чўнтагидан 200.000 сўмни ўғирлик, яъни яширин равишда талон-торож қилиш йўли билан эгаллаб олиб, воқеа жойидан яширинган.

Шунингдек, Н.Чоршанова ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ўта хавфли рецидивист бўлиб, такроран, Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани ҳудудида жойлашган “Тошкент савдо маркази” 3-савдо блоги, 6-қатор, 3-сонли дўконга харидор сифатида кириб С.Умматованинг 500.000 сўмлик “Samsung” русумли уяли алоқа телефон аппаратини ўғирлик, яъни яширин равишда талон-торож қилиш йўли билан эгаллаб олиб, воқеа жойидан яширинган.

Н.Чоршанова ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ўта хавфли рецидивист бўлиб, такроран, жиноят ишининг унга нисбатан қисми алоҳида иш юритувига ажратилган М.Чоршанова билан олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ ҳолда, вояга етмаган Р.Хамдамовани жиноятга жалб қилиб, Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, 11-мавзеда жойлашган “Мегапланет” савдо мажмуасининг 1-қаватида жойлашган “Макро” супермаркетига харидор сифатида кириб ва ушбу супермаркетда парфюмерия маҳсулотларини тахлаётган фуқаро Н.Абдураҳимованининг кийими ўнг чўнтагидан баҳоси 1.000.000 сўмлик “iPhone 5S” русумли уяли алоқа телефон аппаратини ўғирлик, яъни киссавурлик йўли билан яширин равишда талон-торож қилиб эгаллаб олиб, воқеа жойидан яширинган.

Ўғирлик жинояти ортидан қўлга олинган Н.Чоршановага Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 226-моддаси 2-қисми “а” банди билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 169-моддаси 4-қисми “б” банди билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 127-моддаси 3-қисми билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва у ЖКнинг 59-моддаси тартибида, 8 йил 1 ойга озодликдан маҳрум қилиниб, жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Н.Чоршанова 28 ёшидаёқ жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор туман судининг 2012 йил 14 майдаги ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 34-моддасига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилган.