Навоийда халқ таълими бўлими мудири турмуш ўртоғи томонидан пичоқлаб ўлдирилди

Навоий вилояти Навбаҳор тумани халқ таълими бўлими раҳбари қотиллик қурбони бўлди.

Навоий вилояти Ички ишлар бош бошқармаси вилоят прокуратурасига таяниб, Kun.uz мухбирига Навбаҳор тумани халқ таълими бўлими раҳбари ўз турмуш ўртоғи томонидан ваҳшийларча ўлдирилгани ҳақида маълумот берди.

«Дастлабки тергов ҳужжатларига кўра, 1976 йилда Навоий шаҳрида туғилган Ш.Р 2019 йил 6 сентябрь куни соат тахминан 16:00ларда турмуш ўртоғи М.А. билан ўрталарида олдиндан бўлган ўзаро келишмовчилик замирида уни ўлдириш мақсадида унинг Навбаҳор тумани «Янгийўл» МФЙ, Мурувват кўчасидаги яшаш хонадонига келиб, ушбу хонадон ҳовлисига яширин равишда девор ошиб кирган. У М.А.нинг ётоқхонасига дераза орқали кириб, хонадаги кийим жавони ортига яширинган ва турмуш ўртоғи хонага киришини пойлаб ўтирган.

Шу куни соат тахминан 20:20ларда М.А. ишдан келиб, эгнидаги кийимларини алмаштириш мақсадида ётоқхонасига кирган вақтида Ш.Р. хонадаги кийим жавони ортидан чиқиб, М.А.га қўлидаги ошхона пичоғи билан ҳужум қилган. Бўйин, кўкрак қафаси ва қорин соҳаларига қўлидаги ошхона пичоғини бир неча марта санчиб олиб, унга ўткир кесувчи-санчувчи оғир жароҳатлар етказиб, ҳодиса жойидан яширинган. М.А. олган тан жароҳатларидан ички ва ташқи қон кетиши натижасида воқеа жойида вафот этган.

Жиноят иши бўйича Ш.Р. Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган қасддан одам ўлдириш жиноятини содир қилганликда гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича Навоий вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади Навоий вилояти Ички ишлар бош бошқармаси хабарида.