Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармасига қарашли ҳудудда кучли ёнғин бўлди

Тошкент шаҳрида ўтган сутка давомида 6 та ёнғин ҳолати қайд этилган бўлиб, шулардан 1 таси қуриган ўсимлик ва чиқиндиларни ёниши билан боғлиқ бўлган ёнғинни ташкил этмоқда. Ёнғинларда инсонларни ҳалок бўлиш ва тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмади.

Шулардан эътиборга молик бўлган ёнғин, 09.09.2019 йил куни соат 16:02да, Учтепа тумани, Фозилтепа кўчаси 34-уйда жойлашган Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармасига қарашли махсуслаштирилган автохўжалик худудида, ижарада бўлган “Б.М.Шоносиров” ЯТТга қарашли баллон ямаш устахонасининг ички ва том қисми 60 кв.м. майдонида ёнган.

Ёнғин ўчириш жанговар бўлинмалари чақирилган манзилга соат 16:11да етиб борган ва кўрилган тезкор чора ва ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 16:20да қуршаб олиниб, соат 16:24да бартараф этилган.

Ёнғин оловдан фойдаланишда эхтиётсизлик оқибатида содир бўлган, деб тахмин қилинмоқда.

Ёнғиндан келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда. Ёнғин жойига 4 та ёнғин ўчириш техникаси жалб қилинган.

Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бу ҳақда хабар берди.