Автомашина бошқариш учун яқин қариндошлар ўртасидаги ишончнома 1 октябрдан бекор бўлади

1 октябрдан бошлаб яқин қариндошлар ўртасида нотариал тасдиқланган автоишончнома бекор қилинади.

Президент фармони билан, жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб яқин қариндошлар ўртасида нотариал тасдиқланган автоишончнома бекор қилинади, дейилади Адлия вазирлигининг Telegram-каналида.

Бундан ташқари, 2020 йил 1 январдан хусусий нотариал идоралар ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.

«Бу ўзгариш аҳолининг нотариал идорада навбат кутиб қолиши ва идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олдини олади«, – дейилади хабарда.

Шунингдек, мол-мулклар билан боғлиқ битимларни тасдиқлашда ҳам бир қатор талаблар бекор қилинади.

Хусусан, келаётган йилнинг 1 январидан эътиборан қурилиши тугалланмаган уй-жойларни сотишда ҳокимликларнинг рухсати, васийликдаги шахс номидан турар жойни ижарага (арендага) беришда васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги талаб этилмайди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб корхонани ижарага, текин фойдаланишга бериш, бирламчи бозорда мол-мулкни лизингга бериш ва гаров (ипотека) шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинади.