Собиқ МХХ полковниги Нодир Тўрақуловнинг яна бир “хурмача қилиғи” фош бўлди. Сурхондарё вилоят ИИБ бошлиғи собиқ ўринбосари оқланди

Фото: "7news.uz"

Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судининг 2015 йил 10 апрель кунидаги ҳукмига кўра, 1974 йил 11 январь куни Термиз шаҳрида туғилган, Сурхондарё вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган А.А. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбланган.

“7news.uz”га тақдим қилинган тергов ва судга оид иш ҳужжатларига кўра, А.А. 2012 йилнинг апрель ойи охирида Термиз шаҳридаги “Сарбон” ресторани яқинида “Гавҳар-нур” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ф.Сафаровадан ушбу объектни қабул қилиш далолатномасини имзолаб бериши эвазига 500 АҚШ долларини пора тариқасида олган.

Шунингдек, А.А. “Гавҳар-нур” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ф.Сафаровадан Термиз шаҳри Порт ҳудудида жойлашган “Дайдихона” биносини 40.000.000 сўмга сотилишини унинг фойдасига ҳал қилиб бериши эвазига 10.000.000 сўм миқдорида пора беришини талаб қилиб, 2013 йил ёз ойларида Ф.Сафарова билан Термиз шаҳри Халқлар Дўстлиги кўчасида учрашиб, ундан 8.000.000 сўм миқдоридаги пулни пора тариқасида олган.

А.А. бундан ташқари 2013 йил декабрь ойида “Гавҳар-нур” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ф.Сафаровага вилоят ИИБ автомашиналарни сақлаш омборининг маъмурий биноси қурилиши бўйича ўтказилаётган тендер натижаларини “Гавҳар-нур” масъулияти чекланган жамияти фойдасига ҳал қилиб бериши эвазига Ф.Сафаровадан 5.000.000 сўм пора беришини талаб қилиб, Ф.Сафаровадан декабрь ойи охирида Термиз шаҳри Халқлар Дўстлиги кўчасида 5.000.000 сўм пулни пора тариқасида олган.

Шундай қилиб, А.А. масъул мансабдор шахс бўлгани ҳолда ходимларнинг иш фаолиятини назорат қилиш борасидаги ўз вазифаларига лоқайдлик билан қараб, назоратни лозим даражада бажармасдан 179.282.410 сўмлик ёқилғи маҳсулотларини нотўғри сарфланишига ҳамда 460.285.898 сўмлик пул маблағларини ортиқча бериб юборилишига олиб келиб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабабчи бўлганликда айбланган.

Сурхондарё вилояти ИИБ раҳбари ўринбосари А.А.га нисбатан қўйилган айбларнинг барчаси ясама бўлиб, собиқ МХХ Сурхондарё вилоят бошқармаси собиқ ходимлари томонидан фуқаро Ф.Сафаровага нисбатан жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказилганлиги натижасида унга пора берганликда туҳмат қилдирилиб, ариза ёздирилгани ва шу ариза асосида унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилгани, ваҳоланки у Ф.Сафаровадан пул ёки бошқа моддий-қимматликларни пора тариқасида олмагани, 2014 йил 16 сентябрда собиқ МХХ Сурхондарё вилоят бошқармасига чақиртирилгани, у ерга борганида соат 1030-1100ларда терговчи А.Турсуналиевнинг хонасига олиб киришгани, А.Турсуналиев унга “Сафарова Ферузадан пора олганингни ўзинг айтиб бер!” дегани, унга Ф.Сафарова унга нега пора бериши кераклиги, қачон берганини тушунтиришини сўраганида, ҳеч нарсани тушунтирмагани, сўнг “айбингни бўйнинга олмасанг бу ердан соғ чиқмайсан” деб руҳий тазйиқ ўтказгани натижасида қамоққа олинган.

Гувоҳ Ф.Сафарова кассация инстанция судида барчасини ошкор қилди. У илгари “Гавҳар-нур” МЧЖнинг раҳбари сифатида иш олиб боргани, А.А.ни таниши, унга нисбатан шахсий адовати йўқлиги, 2014 йил август ойининг бошларида собиқ МХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси собиқ тергов бўлим бошлиғи Н.Тўрақулов уни кўчада учратиб, чой ичишга таклиф қилгани, оилали эканлигини, турмуш ўртоғи ва болалари борлигини айтиб рад жавобини бергани, шунда унга “мени таклифимни рад қилган бўлсанг, пулинг кўпайган сени, яқинда банкрот бўласан” деб дўқ-пўписа қилгани, шу орада қурилиш объектларига нисбатан собиқ МХХ томонидан тафтиш тайинлагани ва текширув ўтказилгани, 2014 йил 23 август куни унга кимдир қўнғироқ қилиб, ўзини МХХ ходими эканлигини, унга нисбатан иш тугатилганлигини, келиб имзо қўйиши кераклигини айтиб чақиргани, МХХ Сурхондарё вилоят бошқармасига борганида, уни Ахрор Турсуналиев кутиб олиб ичкарига олиб киргани, кейин кимгадир телефон қилиб “Шеф, она здесь…. Не имеем права… есть понял” деб телефон гўшагини қўйгани, ва шундан кейин Ф. Сафаровага нисбатан қийноқлар, азоб-уқубатлар қилиниб, А.А.га нисбатан кўрсатмалар олинган.

Жиноят ишлари бўйича кассация судида, Сурхондарё вилоят судининг 2015 йил 10 апрель кунидаги А.А.га нисбатан чиқарилган ҳукми бекор қилинди. А.А. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг  210-моддаси 3-қисми “б” банди ва 207-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилди ва у жиноий ҳодиса юз бермагани сабабли оқланди.