“Ислом-ота” жоме масжиди муаззами Тошкентда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп модда билан қўлга олинди

Фото: "Тошкент шаҳар ИИББ"

“7news.uz”нинг ишончли манбаси хабарига кўра, “Ислом-ота” жоме масжиди муаззами бўлган, 1989 йил 31 октябрь куни Фарғона вилоятида туғилган М.Ў.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси(ЖК)нинг  276-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан айбланмоқда.

Воқеа 2019 йил 14 август куни соат тахминан 20:30 да, Тошкент шаҳар, Бектемир туманида жойлашган “Шарқ” ЙПХ масканида содир бўлган.

Шу ЙПХ масканида фаолият олиб бораётган ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан Фарғонада келаётган “Ласетти” русумли автомашина йўловчилари шубҳа уйғотиб тўхтатилиб текширилганида, йўловчи сифатида ҳаракатланиб келаётган масжид муаззамининг оқ рангли джинси шимининг чап чўнтагидан битта конвалютада 2 дона “трамадол-ланнахер” номли дори воситалари борлиги аниқланиб, холислар иштирокида баённома асосида расмийлаштирилиб олинган.

Тошкент шаҳар ИИББ ЭКМ 2019 йилнинг 15 август куни 2 дона бутун ҳолдаги таблеткалар таркибида, “Трамадол” моддаси борлиги борасида экспертиза хулосаси берган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 октябрдаги №878-сонли қарорининг иловасига кўра, “Трамадол” Республика ҳудудида муомалада бўлиши тақиқланган гиёҳвандлик воситалари рўйхатига киритилган.

Шунга кўра, М.Ў.га нисбатан Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисмининг “а” банди (Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда кўп миқдорда, ташиш, сақлаш) билан жиноят иши қўзғатилди.

“7news.uz” нашри томонидан олиб борилган журналистик суриштирув натижасида “Ислом-ота” жоме масжидида М.Ў. исмли муаззам ишламаслиги аниқланди. Лекин, М.Ў.га нисбатан олиб орилган суриштирув-тергов ҳужжатларида шу номдаги жомеъ масжиди ёзилган.

Шунга кўра, таҳририят қуйидагиларни эслатиб ўтади. “Ислом-ота” жомеъ масжиди Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Каримов номига бағишлаб шу ном билан юритилади. 2016 йил 7 октябр – ҳижрий Зулҳижжа ойида муборак Жума куни Тошкент шаҳар Яшнобод туманида муҳташам «Ислом ота» жомеъ масжиди қайта қурилишдан сўнг фаолият бошлади.

Фото: «islomota.uz»

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида эса 1913 йилдан расман рўйхатга олинган “Шайхул Ислом”  жомеъ масжиди фаолият юритади.

Фото: «Masjid.uz»

Шу ўринда М.Ў.га нисбатан олиб борилган тергов ишларида мана шу икки масжид адаштириб юборилган бўлиши мумкин.

Бунга Тошкент шаҳар ИИББ ва Ўзбекистон Республикаси Мусулмонлари идорасидан расман изоҳ кутиб қоламиз.