Давлат хизматлари агентлигидан навбатдаги хушхабар! Қашқадарёнинг Косон туманида ҳам ДХА филиали иш бошлади

Қашқадарё вилояти Косон туманида Косон тумани давлат хизматлари марказининг янги маъмурий биносини фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туман (Шаҳар)лардаги Халқ Қабулхоналари ҳузуридаги Давлат хизматлари марказлари биноларининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилишини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ 3701 – сонли қарори қабул қилинган.

Мазкур бино ушбу қарорнинг амалий ижроси сифатида қуриб битказилди.

Ҳозирда туманда 278,2 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Косон туманида давлат хизматларига бўлган талаб ва эҳтиёж ошиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг шу кунги ҳолатига кўра, туманда Давлат хизматлари маркази томонидани жами 65127 та давлат хизмати кўрсатилган бўлиб, шундан якка тартибдаги тадбиркор сифатида 882 та, юридик шахс сифатида 259 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилган.

Шунингдек, 3 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона ва 4 та қўшма корхона рўйхатдан ўтказилган.

Ҳудудга жами бўлиб 4,457 миллиард сўм миқдорда инвестиция киритилган.

Натижада ҳудудда фаолият кўрсатаётган бундай субъектлар сони сезиларли ошган. Уларнинг асосий қисми саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизматлар кўрсатиш билан шуғулланиб келмоқда.

– Бу бино вилоятда биринчи барча қулайликларга эга замонавий бино ҳисобланади, -дейди давлат хизматлари агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси матбуот хизмати раҳбари М.Равшанова.

– Марказда барча қулайликлар яратилган, инфо-киоск, электрон навбат олиш терминали, 20та хизмат кўрсатиш ойнаси бўлиб, мижозлар навбатда туришларининг олди олинган.

Шунингдек ҳамкор ташкилотларнинг вакиллари ҳам шу ерда фуқароларни қабул қилиб, мурожаатларни кўриб чиқишлари учун шароитлар яратилган.

Туман ФҲДЁ, нотариус бўлими, адлия бошқармаси, Бош вазир қабулхонаси, йўл ҳаракати хавфсизлик бошқармаси вакиллари учун алоҳида хоналар ажратилган бўлиб, фуқароларимиз шу ернинг ўзида барча саволларига жавоб олиш имконига эга бўладилар.

Бундан ташқари Марказда кутубхона, болалар майдончаси ҳам мижозларимизнинг вақтларини унумли ўтказишлари учун беминнат хизматда.

Бугунги кунга қадар, республика бўйича 39 та янги давлат хизматлари марказлариниг бинолари топширилган бўлса, мазкур бино қирқинчиси бўлди.

Феруз ХОЛМИРЗАЕВ