Тошкентдаги “Шайх Зайниддин ота” қабристонида “AKFA Medline” ишчиси томонидан қилинган қотиллик “сирлари” фош бўлди

2019 йил 10 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг очиқ суд мажлисида бундан бир йил аввал, яъни 2018 йилнинг 5 сентябрь куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги  “Шайх Зайниддин” жоме масжиди орқа қисмидаги қабристонда содир бўлган қотиллик иши кўриб чиқилди.

“7news.uz” интернет нашри бу борада биринчилардан бўлиб қотиллик содир бўлган вақтда хабар берган эди. Сўнгра, Бош прокуратура ҳам ушбу қотиллик юзасидан расмий ахборот берган. Аммо, тергов сири сабабли қотиллик тафсилотлари ошкор этилмаган эди. Кўпчиликда бу қотиллик юзасидан ким ва нима учун бу қотилликни қилди деган саволлар очиқ қолаётган эди.

“7news.uz” ишончли манбасининг хабар беришича, ушбу жиноятни 1972 йил 22 май куни Тошкент шаҳрида туғилган, “AKFA MEDLINE” клиникаси ишчиси бўлган Бахтияров Қудрат Қурбанович содир қилган ва у 2018 йил 7 сентябрь куни қамоққа олинган.

К.Бахтияров марҳум Элдор Мансуровни аввалдан таниган ва ўзаро мунтазам равишда телефон орқали мулоқотда бўлишибб, улар тез-тез учрашиб, кўп вақтларини бирга ўтказиб келганлар.

Қотиллик содир бўлган куни К.Бахтияров билан Э. Мансуров биргаликда “Малика” савдо мажмуасига бориб, 50.000 сўм эвазига телефон сотиб, сотувдан тушган пулга ароқ олиб ичиб, овыатланишган ва сўнгра “Шайх Зайниддин” жоме масжиди орқасидаги қабристонга боришган.

Улар соат тахминан 13:00 да “Шайх Зайниддин” қабристонига кириб шу кунга қадар ўрталарида давом этиб келаётган келишмовчиликлар ҳеч бир сабабсиз ҳар хил сўзлар билан ҳақорат қилинганлик натижасида ўзаро жанжаллашиб қолишган.

К. Бахтияров узунлиги 56 см. бўлган пичоқни олиб Э.Мансуровни маст бўлиб қолганлиги, мастлик оқибатида атрофдаги вазиятни англай олмайдиган ҳамда ўзини ўзи ҳимоя қилишга, унга фаол қаршилик кўрсатишга қодир эмаслигини билиб, пичоқ билан орқа бўйин қисмига ва олд бўйин қисмига уриб, бўйнининг орқа тарафдан ярмигача чопиб ташлаб қасддан ўлдирган ва воқеа жойидан қочиб яширинган эди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2019 йил 4 мартдаги ҳукмига кўра, К.Бахтияров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси(ЖК)нинг 97-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбли деб топилиб, 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.