Афғонистон президенти иштирокидаги митингда портлаш юз берди

Бугун Aфғонистоннинг Парван провинциясида президент Aшраф Ғани иштирокида ўтказиладиган митинг жойида портлаш юз берган. 1TV телеканалига кўра, ҳодисада 24 киши ҳалок бўлган, жароҳатланганлар 31 нафар.

Қайд этилишича, портлаш Ашраф Ғани ўз нутқини бошлаши керак бўлган пайтда юз берган. Президент жабрланмаган. Унинг штаби митингни давом эттиришга қарор қилган.

Афғон ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари қўлбола мосламалардан бири хавфсизлик хизмати автомобили тагига ўрнатилган бомба эканлигини тасдиқлаган. Ҳозирча экстремистик гуруҳларнинг ҳеч бири ҳужумга жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

Aввалроқ, телеканал бир неча минг киши иштирокида сайловолди тадбирлари ўтказиладиган ҳудудга яқин бўлган жойларда иккита портлаш ҳодисаси юз берганини маълум қилган эди.

Aфғонистонда президент сайловини ўтказиш 2019 йил 28 сентябрь санасига белгиланган. Aввалроқ, сайлов 20 июль куни бўлиб ўтиши режалаштирилган эди. Мазкур муддат олдин ҳам бир неча марта кўчирилган бўлган.

Ашраф Ғани 2014 йилдан бери Aфғонистон президенти вазифасини эгаллаб келмоқда. Конституцияга мувофиқ, давлат раҳбари 5 йил муддатга, иккинчи муддатга қайта сайланиш имконияти билан сайланади.