Ўзбекистонликлар учун “Умра сафари” харажатлари 132 АҚШ долларига қимматлади

Бугун, 8 октябр куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгашининг “Ёшлар пресс-клуби”да Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Умра зиёрати бўйича брифинг ўтказилди.

Брифингда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳалар қатори, диний-маърифий жабҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, юртимиз мўмин-мусулмонлари ўз ибодатлари, диний маросимларини эмин-эркин бажараётганлари, минглаб юртдошларимиз ҳаж ва умра ибодатларини адо этиб келаётганлари алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, брифингда юртимиз фуқароларининг муқаддас зиёратга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан Жамоатчилик кенгаши қарори асосида Умра сафарига борувчи зиёратчиларнинг сонини белгилаш бўйича (квота) чекловлар олиб ташлангани, 2019 йил умра мавсуми учун сарф-харажатлар сметаси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ ўтган мавсумда умра сафари учун тўланадиган маблағ миқдоридан арзонлаштирилгани яъни 11 600 000 сўмдан 11 450 000 сўмга туширилгани айтилди.

– Жорий йил сентябрь ойидан бошлаб САП ҳаж ва умра ишлари вазирлиги томонидан ҳар бир зиёратчи учун қўшимча 132 АҚШ доллари миқдорида маблағ жорий этилмоқда. Юқоридаги харажатлар сметасига ушбу маблағ киритилмаган. Келишувга кўра, мазкур қўшимча маблағ умра зиёрати учун жорий йил ноябрь ойидан бошлаб тузиладиган кейинги шартномада қўшилиши белгилаб олинди.

Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати томонидан ҳаж ва умра соҳасида чет эл зиёратчиларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилиб, зиёратчиларга хизмат кўрсатишнинг янги тизими яъни электрон платформа жорий қилинган. Янги тизим тўлиқ ишга туширилмаганлиги сабабли 20 кун САПга кириш визаси фаолияти тўхтаб қолган. Шу йилнинг 25 сентябрь кунидан бошлаб электрон платформа орқали дастлаб кичик гуруҳли (5-25 нафар) умра зиёратчиларига “В2С” турдаги кириш визалари расмийлаштириш бошланган.

Лекин, умра зиёратига келиши режалаштирилаётган ҳукуматлараро келишув асосидаги катта гуруҳларга эса мазкур порталнинг тўлиқ ишга туширилмаганлиги сабабли “В2В” турдаги виза бериш тизими ҳозиргача ишга тушмаганлиги ҳақида расмий билдирилди. Ушбу турдаги кириш визасини расмийлаштириш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан барча амалий ишлар амалга оширилиб, жараён шай ҳолга келтирилган. САПдаги ҳамкорлар томонидан ўзбекистонлик зиёратчиларни кутиб олиш ишлари ниҳоясига етган. Барча шарт-шароитлар ҳозирлаб қўйилган, деди Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари М.Комилов.

Брифингда ижтимоий тармоқлар ва ОАВда фуқароларимиз томонидан берилаётган турли саволларга жавоб тариқасида, юқорида зикр этилган кириш визаси билан боғлиқ масалалар тез орада ҳал этилгандан сўнг, умра сафарига отланган биринчи гуруҳ зиёратчиларимизнинг Саудия Арабистонига жўнаб кетиш куни Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий веб-сайти(religions.uz) орқали эълон қилиниши маълум қилинди.

Брифингда эълон қилинган маблағ ҳар бир зиёратчи учун тўланадиган маблағ ичига:

Саудия Арабистони Подшоҳлиги расмий визаси;

Тошкент-Жидда-Тошкент йўналиши бўйича авиачипта;

Макка ва Мадина шаҳарларидаги 5 ва 4 юлдузли меҳмонхона;

ошпазлар томонидан тайёрланадиган тансиқ таомлар; сархил мевалар, ширинликлар, салқин ичимликлар;

24 соатлик бепул тўлиқ тиббий хизмат;

мамлакатимиз рамзлари туширилган махсус нимча ва сумка;

Умра қўлланмаси (китоби), бейжик, қўл тасмаси, вакцина, замонавий транспорт ҳамда бошқа зиёрат хизматлари киритилгани ҳам қайд этилди.

Ўз навбатида, М.Комилов мазкур сафарлар юзасидан қўлга киритилган ютуқлар ҳақида тўхталар экан, қуйидагиларни алоҳида таъкидлаб ўтди: “Сўнгги 2-3 йил ичида Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ҳаж ва умра сафарига борадиган фуқароларимиз учун яратиладиган шарт-шароит ва хизматларга алоҳида эътибор қаратилди ҳамда сезиларли ютуқларга эришилди. Жумладан, ўтган йилдан буён зиёратчиларимизга Мадина шаҳрида “Масжидун Набавий”дан 50 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Пулман Зам-зам”, Макка шаҳрида эса “Масжидул ҳарам”дан 600-650 метр узоқликдаги 4 юлдузли “Аброж ал-Кисва” меҳмонхонаси хизмат кўрсатмоқда. Зиёратчиларимиз учун меҳмонхоналарда юқори даражадаги сервис йўлга қўйилиб, 24 соат давомида бепул тиббий хизмат кўрсатиш пунктлари жорий этилди”.

Брифингда тайёргарлик ва ташкилий ишларни ўз вақтида, тизимли ва тартибли амалга ошириш учун Макка шаҳрида 3 нафар ва Мадинада 2 нафар жами 5 нафар ишчи гуруҳи, 200 нафар гуруҳ раҳбари (элликбоши) ва 47 нафар шифокор хизмат кўрсатиши маълум қилинди.

Дин ишлари бўйича қўмита Матбуот хизмати бу ҳақда хабар қилди.