Шавкат Мирзиёев бугун Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишади

Фото: "Prezident.uz"

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, янги лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида бугун, 9 октябрь куни Тошкент шаҳридаги бир қатор ижтимоий объектларга ташриф буюриши мумкин.

“7news.uz”нинг ишончли манбаси хабарига кўра, Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек ҳамда Олмазор туманига ташриф буюриши мумкинлиги айтилди.

Шавкат Мирзиёев Олмазор тумани Қорасарой кўчаси, Ҳазрати Имом масжиди ёнида қад кўтараётган (Ушбу Марказ бинолари қурилиши Алишер Усмонов томонидан молиялаштирилиши айтилади) Тошкент Ислом маданияти марказининг биносини бориб кўриши учун тайёргарлик кўрилмоқда.

Шавкат Мирзиёевга Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, янги лойиҳалар билан танишишда Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳамроҳлик қилади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди.