Рашк сабабли хотинини ўлдирган йигит 17 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Фото: "7news.uz"

Фарида ошхонада салкам ўн йилдан буён официант бўлиб ишларди. Шу ошхонага тез-тез келиб турадиган Элдор уни ўрганди, у билан гаплашди ва турмуш қуришганди. Табиийки, хотинининг иши тўйдан кейин Элдорни ғашини келтира бошлади. У аёлини пойлайдиган, ҳуда-беҳуда рашк қиладиган бўлиб қолганди.

Ўша куни тонгда эр-хотин эртага ҳовлиларида пиширилажак сумалак маслаҳатини қилишди. Яхши кайфият билан ширин орзулар қилишганди. Фарида ишга бориб келадиган, Элдор сумалак учун қозон ва ўчоқ топиб ҳовлига ўрнатадиган бўлди.

Қанийди шундай давом этганида…

Муқаддам тўрт маротаба судланган, икки бор узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиниб жазо ўтаган Элдорнинг феъли тайин. Асло бир ишга қўл ургиси келмасди. Яна айланиб ошхонага бориб қолди. Хотинини эркакларга хизмат қилиб юрганидан ғазаби қайнади. Шу ернинг ўзида жанжал кўтарди.

Фарида эрини шу дам жаҳлдан туширишга кўзи етмай шу яқин атрофда бўлган ота уйига чопди.

  • Ака, эрим ошхонада тўполон қиляпти, бориб уни алдаб уйга олиб боринг, мен ҳисоб-китобимни қилиб ортинглардан етаман. Юринг, ака, илтимос, шундай қилмасангиз бўлмайди.

Ҳар қанча зарур юмушлари бўлса ҳам синглисининг оҳ-зоридан ўтолмаган Ғайратбек синглиси билан ошхонага етди. Бу вақтда кун асрга бориб қолганди. Бир зумда хотинини йўқолиб қолганидан аламзада Элдор важоҳати билан ошхонада ўтирарди.

  • Қаёққа йўқолдинг, кимнинг олдига бориб келяпсан?!

Хотинини кўрибла ўшқирди у. – Акамни айтиб келдим, сизни кутяптилар.

Ғайратбек куёви билан гаплашиб ташқарига чиқди. Кафега ўтиб пиво ичишди. Салгина хавридан тушгандай бўлган куёвни уйига бошлади.

  • Ишламаса ишламас, мен ҳам сиз тараф, фақат бугун ҳисобини қилиб берсин. Эртадан чиқмайди ишга. Юринг биз уйга бориб турамиз…

Уларнинг ортидан етиб келган Фарида ўчоқ-қозоннинг ўрнатилмаганини кўриб сиқилди.

  • Мени ортимдан пойлаб боргунча шуни қилсангиз бўлардию…

Элдорнинг мияси қисиб қолгандай яна хотинига ўшқира кетди.

  • Ғазабланманг, Элдорбек, мен ҳам шу ерда қоламан, эрталаб эрта турсак улгурамиз, яхшиси эртароқ дам олинглар.

Эр-хотиннинг жанжали ичкарида ҳам тўхтамади. Кишини ваҳимага солувчи тўс-тўполондан қўшни хонада ётган қайини ҳам кўз юма олмасди. Синглисининг додлаши, аёвсиз калтакланаётганлигини қулоқлари унга англатиб турарди. “Ёрдам беринг!!!”

Бу гап уни хонада қолишига йўл қўймади. Қандай қилиб учиб чиқдими, синглисининг ётоғида пайдо бўлди. Аҳволдан ўзини йўқотиб қичқирди, “Нима қилиб қўйдинг?!”

Куёв қўлида қон пичоқни ушлаганча турарди. Юзтубан ётган сингил базўр шивирлади, “Ака, дўх…тир чақ…қиринг”.

Ғофир шошганча қўшни девордан қичқириб “Тез ёрдам” чақиришларини айтдию ортига чопди. У етиб келганда Элдор синглисининг сочидан ушлаб бўғзига пичоқ тираб турарди.

  • Йўқ! Ундай қилма, илтимос! Пичоқни ташла! Ташлаа!!!

Аммо… бундай фожеалар юз беришига, бошингдан мусибат ёғилишига бир сония кифоя. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Ака етиб келолмади.

Эр пичоқни ташламади, аксинча ўз аёлининг бўғзидан тортиб юборди…

Шифокорлар келишганда Фариданинг жони узилиб бўлганди.

Тизгинсиз, асоссиз рашк бир оилани шу тарзда мағлуб этди.

Бир ёшгина аёл бевақт оламдан кўз юмди. Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди судьяси Д.Ахмадалиева раислигида кўрилган суд мажлиси якунига кўра, ноқобил эр Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисми “ж”банди билан
17 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Ўринсиз шубҳа-гумонлар, яқинларига нисбатан ҳурматсизлик, худбинлик, моддий эҳтиёж фожиани чақирган. Унутмаслик керакки, фожиа қандай сабаб, қандай кўринишда, кимлар томонидан содир этилмасин, унинг туб илдизида руҳий-эътиқодий мезонларнинг саёзлиги ётади, маънавий-ахлоқий тарбиянинг емирилишини кузатиш мумкин.

Акрамжон Арипов,

Ўзбекистон Республикаси Олий суди катта консультанти