ЎзА ва Олий суд «Туронбанк» ва «Агробанк»ни адаштириб юборди. «Туронбанк» Жиззах филиали ҳеч кимдан 68 миллион 620 450 сўм «қарз» эмас!

«7news.uz» интернет нашри Олий суднинг сайтига таяниб, «Қамалиб кетган ходимига вақтида меҳнат дафтарчасини бермаган «Туронбанк» энди унга 68 миллион 620 450 сўм тўлашга мажбур!» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Бу мақола ортидан АТ «Туронбанк» Жиззах вилояти филиали бошқарувчиси Рустам Абдумажидов биз билан боғланиб воқеада англашилмовчилик бўлгани ҳақида маълум қилди.

Биз билан суҳбатда Рустам Абдумажидов «Туронбанк» ва унинг ходими билан бундай воқеа содир бўлмаганини ва бу ерда адашмовчилик бўлганини таъкидлади.

Воқеалар ривожини ўрганар эканмиз, бу борадаги материал аввало ЎзАда эълон қилингани маълум бўлди. Айнан ушбу материалда ҳам банк номи «Туронбанк» деб қайд этилган.

«7news.uz» томонидан олиб борилган журналистик суриштирув натижаларига кўра, 2019 йилнинг 21 май куни фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилояти суди ҳал қилув қарори чиқарган.

Даъвогар Абдулла Ҳамиджонов жавобгар АТБ «Агробанк» Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Ш.Аҳмедовга нисбатан судга даъво аризаси киритган ва меҳнат дафтарчаси ўз вақтида берилмагани, кечиктирилганини иддао қилган.

Бунинг ортидан суд жавобгар АТБ «Агробанк» Жиззах вилояти бошқармаси ҳисобидан даъвогар Абдулла Ҳамиджонов фойдасига 68.620.450 сўм мажбурий прогул, 1 млн. сўм маънавий зарар ундирилиши борасида ҳал қируви қарори чиқарган.

Биз ЎзА ва Олий суднинг расмий саҳифалари орқали тарқатилган ҳамда уларга таяниб ўз нашримизда эълон қилинган материалдаги жавобгар банк «Агробанк» эканига ва бу воқеаларнинг «Туронбанк»ка мутлоқо алоқаси йўқлигига амин бўлдик. Буни исботловчи етарли далиллар ишончли манбаларимиз томонидан ҳам тақдим этилди.

Кичик англашилмовчилик ҳамда иккита расмий сайтга бўлган ишонч орқали «Туронбанк» ҳақидаги мақола нотўғри бўлиб чиқди ва биз шу ўринда «Туронбанк» ходимларига ишлари ривожи йўлида омад тилаб қоламиз.