Тошкент аэропортида оғзига қуйма тилла бўлакларини солиб хорижга кетаётган фуқаро ушланди

Божхона органлари томонидан қонунбузарлик ҳолатларига қарши самарали кураш олиб борилмоқда.

“Тошкент” халқаро аэропорти божхоначилари хорижга учиб кетиш мақсадида “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган фуқаро М.А.нинг хатти-ҳаракатларини тезкор кузатувга олишди.

Шундан сўнг ушбу фуқаро замонавий сканер қурилмаси ёрдамида холислар иштирокида текширувдан ўтказилганда унинг қинғир режаси фош этилди.

Қарангки, ушбу шахс ўз оғиз бўшлиғига умумий вазни 213 граммни ташкил этувчи 2 дона қуйма тилла бўлакларини солиб, хорижга учиб кетишни режалаштирган экан.

Аммо, унинг бу найранги иш бермади. Қонунбузардан умумий қиймати 70 миллион сўмдан ортиқни ташкил этувчи қуйма тилла бўлаклари ашёвий далил сифатида олинди.

Божхона қўмитаси Матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.