Олий суд ортда қолган 9 ой мобайнида судланган шахслар ва жиноятлар борасида ахборот берди

ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУДЛАРНИНГ 2019 ЙИЛНИНГ 9 ОЙИ ДАВОМИДАГИ ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА АХБОРОТ

2019 йилнинг 9 ойи мобайнида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 26 859 нафар шахсга нисбатан 20 627 та иш кўриб чиқилди. Мазкур кўрсаткичлар 2018 йилнинг шу даврига нисбатан шахслар бўйича 27,2 фоизга, ишлар бўйича эса 28,2 фоизга камайган.

Жумладан, 576 нафар шахс оқланди ва реабилитация қилинди, судланган шахслар сони 20 818 нафарни ташкил этиб, шундан 5 300 нафар шахсга озодликдан махрум қилиш ва 14 482 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 1 036 нафар шахс шартли ҳукм қилинди. Судланган шахсларнинг 18 429 нафари эркаклар, 2 389 нафари аёллар, 8 036 нафари ёшлар (шу жумладан 378 нафари вояга етмаганлар) ва 674 нафари 60 ёшдан ошган шахслар.

Шунингдек, 2 306 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залидан озод қилинди, 19 667 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 6 041 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилди ва 5 116 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.

202 нафар шахсга Ёшлар иттифоқи, 175 нафар аёлга Хотин-қизлар қўмитаси ва 1 078 нафар шахсга маҳалла фуқаролар йиғинларининг кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан айрим жиноят турлари, хусусан, транспорт воситасини олиб қочиш, қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, талончилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғрилик, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш, безорилик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш, одам савдоси, мансаб сохтакорлиги, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш каби жиноятлар учун судланганлик кўрсаткичлари камайди.

Ҳисобот даврида ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 4 613 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.

Етказилган 362,2 млрд. сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 2 327 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

9 869 та жиноят иши, яъни барча ишларнинг қарийб 47,9 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.

 Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 1 355 нафар шахсга нисбатан 1 094 та иш кўриб чиқилди. 812 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилинди ва 403 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

 Азиз Обидов, 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили