Наманганда банкданман дея одамларга қалбаки АҚШ доллари бериб алдаб кетаётган шахс ушланди

Муқаддам уч маротаба судланган фуқаро Сайфидин Исматов тўрт девор орасида, оиласи, озодлигидан маҳрум йилларни ўтказган шахс. Қилмишлари учун минг бор тавба қилиб, ҳалол бўламан дея ўз-ўзига ваъдалар берган.

Аммо, чиндан ҳам “Ўрганган кўнгил…” деган мақолда жон бор экан чоғи, қамоқдан чиққанига кўп бўлмай ўзи билган кўчага яна кирди. У ўзи каби одамларни алдашга, ишончига киришга устаси фаранг ҳамтовоқларини ёллади.

Ҳа, улар чиндан-да устаси фаранг эдилар, агар шундай бўлмаганида фуқаро Зулфия Султонова банкдан олган эрининг ҳалол топганини унинг қўлларига осонгина тутқазиб қўймасди, балки. Яна оз эмас, 750 АҚШ доллари!

Ҳалол меҳнатга гардани ён бермайдиган С. Исматов албатта пулсиз қийналарди. Ахир ишламаса буюк зот ҳам осмондан ёғдирмайди-ку, тўғри эмасми? У ўйлаб-ўйлаб янги бир ғоя топгандай бўлди.

Ҳали ҳеч ким бундай қилмаган, қолаверса сувга тушгандай изсиз битади бу иш… мени таниб қолишади. Ҳамма ёқда суратларим бор. Шунинг учун сизлар бажарасиз ишни. Мен сизларга улуш бераман.

Қачонлардир Қирғизистон Республикасидан топиб келган қалбаки долларларни уларга берган С.Исматов ўз ғоясини ҳам яхшилаб тушунтирди. Йигитлардан бири банкка кириб кимнинг қанча чет эл валютаси олиб кетаётганини аниқлайдиган ва иккинчиси унинг ортидан бориб иккинчи эпизодни бажарадиган бўлишди.

Андижонлик З. Султонова ўғли билан Наманган шаҳридаги “Инфинбанк”дан эридан келган 750 АҚШ долларини олишаркан, 50$ни бозор қилиш мақсадида сўм қилиб банкдан чиқишди. Улар “Сардоба” бозорига келиб бозорликларини қилиб чиқишгандики, машиналари олдида чиройли кийинган йигит қарши олди.

  • Зулфия Султонова сизмисиз опа?
  • Ҳа мен…
  • Минг бор узр опа, мен банк ходимиман. Озгина англашилмовчилик бўлибди, бошқага келган пулни ходимларимиз адашиб сизга бериб юборишибди, шунга…

Шу пайтда телефон жиринглайди-да гўё банкда шу бўйича тинтув бўлаётгандек “бошлиқ” ҳолатни суриштиради.

  • Ҳа, ҳозир опани олдидамиз, мана…

Телефон З.Султоновага тутилади.

  • Алло, мен ҳозиргина сиз пул олган банкнинг бошлиғиман, опа узр йигитлар хатоликка йўл қўйишибди. Пулингизни алиштириб беришади, бизни муаммодан чиқаринг, илтимос опа…

“Ҳа, бўпти-да, буям доллар, уям доллар. Иш бор жойда камчилик бўлади-да…”

Аёлнинг калласига келган фикр шу бўлдию пулларни осонгина алишишди.

Фирибгарлар асл пулга, фуқаро қалбакисига эга бўлди. Орадан бироз муддат ўтиб 100 долларни сўм қилдириш мақсадида банкка келган З. Султоновага пулининг қалбаки эканлигини айтишади. Олиб борилган суриштирув, тезкор текшириш натижаларида юқоридаги ҳолат фош бўлади.

Шу ўринда мулоҳаза билдириб ўтиш ўринли, зотан бу фикр кўпчиликнинг кўнглидан ўтиши табиий. Ҳолбуки, бу каби фирибгарлик ҳолатлари борасида кўплаб гапирилаётган, ёзилаётган экан, нега ҳушёр тортмаймиз?! Чунончи, З.Султонова, “Шошмангларчи, буни балки банкка бориб ҳал этармиз?..”, дейиши мумкин эди.

Машаққатли меҳнат, мусофирчилик азоблари эвазига топилган ҳалол ризқини бериш олдидан озгина фикр қилиш жоиз эмасмиди?

Хуллас, бугунги муддаойимиз ҳам яна огоҳликка, хушёрликка даъват аслида. Жиноятчилар эса албатта қилмишларига яраша жазоларини олишди. Уларни бу ишга жалб қилган, муқаддам уч бор судланиб пушаймон чеккан ва алал оқибат ўз тавбасига яна хиёнат қилган С. Исматов суд ҳукми билан 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

 Акрамжон Арипов,

Ўзбекистон Республикаси Олий суди катта консультанти