Қашқадарёдаги ЙТҲда 4 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этди

Жорий йил 11 октябрь куни соат 04.00лар атрофида Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Гумбулоқ МФЙ ҳудудидан ўтувчи “Олмаота – Тошкент – Термиз” йўналишидаги халқаро автомобил йўлининг 1262-километрида  “Ласетти” ва “Камаз” русумли автомашиналар тўқнашуви натижасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Автоҳалокат оқибатида жами 5 нафар фуқародан 4 нафари воқеа жойида вафот этган. Бир нафари, Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани Ҳурлик маҳалласида яшовчи, 1967 йилда туғилган Х.Б. Деҳқонобод туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган. Беморга “Ўнг билак суягининг типик кисмидан ёпиқ синиши” ташхиси қўйилган. Айни пайтда шифокорлар унга даво муолажаларини кўрсатмоқда.

Ушбу вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қатъий назоратга олинган.