Ғуломжон Самадов парламентнинг янги таркибидан жиддий хавотирда!

Халқаро пресс-клуб шарҳловчиси Ғуломжон Самадов Ўзбекистондаги мавжуд партиялар фаолиятига нисбатан ўз эътирозларини билдирди.

Ғ.Самадов аниқ бир партия номини тилга олмаган ҳолда умумий қилиб Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясига ташриф буюрган партияларнинг жавобларидан қониқмаганлигини айтди.

“Биз қайси тилда гаплашаяпмиз… Иккита одам қачонки битта тилда гаплашса, бир-бирини тушунади ё нотўғрими? Яширмайман, мен партия вакиллари билан негадир жуда кам гаплашганман.

Кеча Халқаро пресс-клуб сессиясида 1 ярим соат гаплашиш имкони бўлди.

Саволларга Марказий сайлов комиссияси вакиллари аниқ жавоб беришди. Лекин партия вакилларини уйғотиш жуда қийин бўлди. Мен партиялардан кўпроқ нарса кутган эдим. Лекин улар айтган гаплардан очиғи, “қорним тўймади“, дейди пресс-клуб шарҳловчиси.

Ғуломжон Самадов сессия якунига кўра партияларга нисбатан учта эътирози борлигини маълум қилган.

“Гапни чўзмайман, энг муҳим 3 та эътирозимни айтаман.

Биринчиси, мен партия вакилларидан “…Сизда бугун СММчилар ва копирайтерлар билан ҳамкорлик борми?“ деб сўрадим.

(СММчилар ва копирайтерлар иши ҳақида билмайдиган одам бўлмаса керак. Бугун оддий совун ва ёғ ишлаб чиқарадиган фирма ижтимоий тармоқларда ўз маҳсулотини ҳафтасига 10 млн. сўмга одам ёллаб аутсорсинг қилади ёки мисол учун, банк бир ҳафтада 3 марта реклама матнини айнан мана шу хизмат орқали ижтимоий тармоқларда сездириб боради.)

Энди тасаввур қилинг, Парламент учун курашаётган сиёсий партия 2000 тиражда чиқадиган газетасига ишонаяпти. СММчилари ва копирайтерлари эса энди бўлармиш?! Сайлов кампаниясига старт берилганига бугун 20 кун бўлди барака топгур! Иккинчи савол, партия лидерларининг имижи, келинг, очиғини айтаман, кийиниши ҳақида эди.

Бизга бу борада жуда кўп эътирозлар бўлгани учун бу саволни бердим.

Одамлар “… партия раҳбарлари ва вакилларининг фақат қора костюм шим ва қора галстугидан чарчадик…“, дейишаяпти.

Уларга мана шундай кийиниб юриш қатъий қоидами? Бугун одамлар бу рангдан ҳам, бундай ўта расмиятчиликдан ҳам чарчаган. Чунки сайловчиларнинг асосий қисми костюмда юрмайди. Одамлар Парламентдаги вакилини ўзлари каби эркин ва ранг-баранг кийинишини хоҳламоқда. Ҳеч қурса сайловчилари олдига чиққанда. Чунки кийим, бу – муносабат ва очиқликни ифода қилади. Ахир, оддийлик, одмилик сайловда Зелинскийга ғалабага олиб келмадими?

Миллий тикланиш партияси раҳбарига раҳмат, менимча, Ўзбекистон тарихида биринчи марта партия раҳбари митингда курткада чиқди. Лекин у ҳам пуфайкани эслатди, бичимида дизайнерлар ишлаши керак эди, куртка ихчамроқ бўлиши керак эди, кимгадир эриш туюлиши мумкин, аммо ишонинг ғалаба учун бу жуда муҳим.

Ва ниҳоят, учинчиси, бугун партия ва одамлар ўртасидаги мулоқот тили ўта мураккаб. Партия лидери ёки вакили ўз тарафдорига мақсадини икки оғиз сўз билан оддий ва лўнда қилиб тушунтириб беролмаяпти.

“… Фалончи ака тўғри айтганидек…“, деб бир-бирининг гапини маъқуллайдиган партиялар биздан бошқа жойда ҳам бормикан, деган хулосага ҳам келдим. Миллат ва мамлакат тақдирига дахлдор масалада нега партиялар бундай “дўстлик“ йўлини танлагани ҳам менда шубҳа уйғотди. Суқротнинг “Сен менинг дўстимсан, лекин ҳақиқат менга дўстликдан устун“, деган гапи эсимга тушди.

Бундай муросасозлик, сертакаллуфлик ва мулозаматни кўриб, Парламентнинг янги таркиби ҳақида жиддий хавотирга ҳам тушдим. Бу шахсий фикрларим эди…”, дея Ғуломжон Самадовнинг фикрларини келтироқда, ЎзА.