Бош Прокуратура эркакларга ҳам ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўланганини фош қилди

2019 йилнинг 1-чорагида бюджет ташкилотлари ходимларига 529,5 млрд. Сўм ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланган.

Бош прокуратурада айрим давлат муассасаларида тўланган маблағларнинг ҳолатини ўрганган ва бу ўрганиш натижасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг талаби бузилган ҳолда 345 млн. сўмлик нафақа асоссиз тўлангани аниқланган.

Шу йўл билан Республика бўйича 696,3 млн. сўмдан ортиқ маблағ талон-тарож қилинган.

“Ҳуқуқ” газетасининг 2019 йилнинг 17 октябрь куни нашрдан чиққан 42-сони орқали маълум бўлишича, ҳатто эркак кишиларга ҳам сохта маълумотлар асосида ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ёзилиб, бюджет маблағи ноқонуний сарфланган.

Масалан, Жиззах вилояти тери-таносил касалликлари диспансери иқтисодчисига 2,1 млн. сўм ва Жиззах шаҳридаги 20-мактаб қоровулига 900 минг сўм ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма прокурори Искандар Давлатов маълум қилди.

Фото: «7news.uz»