Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари ва уни ёқиб юборган тадбиркорга суд жазо тайинлади

Бугун, 18 октябрь куни, жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судида судланувчилар Баҳриддин Исамов (1963 йилда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида туғилган, миллати – ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, оилали, “Ҳисор сарлочин” МЧЖ да ишчи бўлиб ишлаган) ва Мансур Туймаев (1976 йилда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида туғилган, миллати – ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, Яккабоғ туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаган) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди раиси Лутфулла Мамаражабов раислигида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Б. Исамов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,98-моддаси (кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) да тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга шу модда билан 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Эҳтиёт чораси сифатида 2019 йил 21 июлдан 2019 йил 29 августга қадар 1 ой 8 кун қамоқда ўтирган кунлари тайинланган жазодан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 62-моддаси (дастлабки қамоқ вақтини ҳисобга олиш қоидалари) га асосан чегирилиб, қатъий ўташ учун 1 йил 10 ой 22 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

М. Туймаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 192-1-моддаси (хусусий мулк ҳуқуқини бузиш) 3-қисми “а” банди ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 510 баравари миқдорида яъни, 103 392 300 сўм жарима жазоси тайинланди. Жаримани давлат фойдасига ундириш белгиланди. М. Туймаевнинг жиноий ҳаракатлари оқибатида 61 та тадбиркор ва 30 та фуқарога етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплаб бериш мажбурияти Яккабоғ туман ҳокимлиги зиммасига юклатилди.

Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидов бу ҳақда маълум қилди.