“Нью-Йорк-Тошкент” йўналишидаги самолёт бортида 51 ёшли маст киши тўполон қилди

“Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг “Нью-Йорк-Тошкент” йўналиши қатнови билан парвоз қилган йўловчи самолёт бортида тўполон қилди.

Бугун, 21 октябрь куни “Нью-Йорк-Тошкент” йўналиши бўйича парвозни амалга оширган HY102 қатновни пойтахт аэропортида Ўзбекистон Республикаси Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси ходимлари кутиб олишди.

Маст ҳолатда бўлган 51 ёшли эркак самолёт бортида тўполон кўтариб, ўз жойини эгаллаш ҳақидаги танбеҳларга эътибор бермасдан, уни тинчлантирмоқчи бўлган борткузатувчиларни ва атрофда ўтирган йўловчиларни ҳақорат қилган.

У ўзининг ножўя ҳаракатлари билан парвоз хавфсизлигини, шу билан бирга барча йўловчилар ва экипажнинг ҳаётини хавф остига қўйган. “Қатнов йўловчилари экипажга ёрдам кўрсатдилар ва қоидабузарни ўриндиққа боғлаб қўйишга тўғри келди. Тошкент шаҳрига етиб келгандан сўнг авиатўполончи транспортдаги тармоқ ички ишлар бўлими ходимларига топширилди”.

Бу ҳақда “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси маълум қилди.