«AKFA» буюртма қилган истеъмолчининг уйига “Vesta plast” эшик-ромлари ўрнатиб кетишгани аниқланди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Навоий вилоят ҳудудий бирлашмаси Хатирчи туман жамиятига Хатирчи туман, Хўжақулобод МФЙда яшовчи фуқаро Л.Тешаев мурожаат қилган.

Мурожаатда келтирилишича фуқаро яхши ниятларда хонадони учун “AKFA” эшик-ромлари ўрнатиш мақсадида ЯТТ А.Зайниддинов билан ўзаро оғзаки шартнома орқали 13 700 000 сўмлик “AKFA” эшик-ромларини хонадонига ўрнатишга келишиб олишган.

Аммо ЯТТ ходимлари “AKFA” эшик-ромларини ўрнига бошқа турдаги “Vesta plast” эшик-ромларини ўрнатган. Шунингдек хизмат ута сифатсиз бажарилган.

Бундан норози бўлган фуқаро бир неча бор ЯТТ А.Зайниддиновга мурожаат қилсада аниқ жавоб ололмаётганидан норози бўлиб жамиятимизга шикоят аризаси билан мурожат қилди. Ушбу мурожаат жамият ходимлари томонидан ЯТТ А.Зайниддинов иштирокида ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш натижасида фуқаронинг хонадонига ўрнатилган эшик-ромлар бошқа турдаги ва сифатсиз ўрнатилганлиги, фуқаронинг эътирозлари ўринли эканлиги аниқланди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Матубот хизмати раҳбари Шерали Саттаровнинг «7news.uz»га маълум қилишича, ЯТТ А.Зайниддинов томонидан фуқаронинг хонадонига ўрнатилган бошқа турдаги эшик-ромлар ўрнига ҳақиқий “AKFA” эшик-ромлари сифатли тарзда ўрнаттирилиб берилиб истеъмолчига етказилиши мумкин бўлган 13 700 000 сўмлик моддий зарарни олди олинди ва яна бир истеъмолчини мурожаат ижобий ҳал этиб берилди.