«7news.uz»да эълон қилинган материал юзасидан Божхона қўмитаси расмий муносабат билдирди

Фото: "Jahon.uz"

«7news.uz» орқали «Самарқанд аэропортига учиб келган йўловчилар юки ноқонуний очиб текширилмоқда (Видео)» сарлавҳали материал эълон қилган эдик. Ушбу материал юзасидан Божхона қўмитаси Матбуот хизмати раҳбари Нурбек Саломов биз билан боғланиб вазият аслида бошқача бўлганини билдирди. Биз қуйида расмий муносабатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

«Яшил йўлак” – қонунбузарликларни яширмайди.

Жорий йил 19 октябрь куни ижтимоий тармоқларда “Самарқанд аэропортида божхоначилар фуқаролар юкини гувоҳларсиз ноқонуний очиб текширмоқда” сарлавҳаси остида хабар ва видеотасвир тарқатилди.

Ушбу хабар ва видеотасвир бўйича Давлат божхона қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.

Самарқанд халқаро аэропортининг кириш ва чиқиш залларида йўловчиларни божхона назоратидан тез ва сифатли ўтказиш учун замонавий рентген аппаратлари ўрнатилган. Мазкур техник воситаси ёрдамида фуқароларнинг қўл ва багаж юклари бирма-бир эмас, балки монитордаги тасвирлар бўйича тақиқланган ёки божхона тўловлари тўламасдан олиб кириш меъёрларидан ортиқча бўлган товарлар мавжуд бўлиши мумкинлигига шубҳа туғилган ҳоллардагина айрим багажлар эгаси иштирокида кўздан кечирилади.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеотасвирда хориждан учиб келган йўловчилар багажлари божхона ходими томонидан рентген аппаратидан ўтказилмоқда. Бунда багажлар божхона ходими томонидан йўловчи ёки холислар иштирокисиз очиб текширилаётгани йўқ, балки барча багажларни бирма-бир очиб текшириш амалиётини истисно этган ҳолда улар ичидаги нарса-буюмлар рентген аппарати ёрдамида кузатилмоқда.

Ушбу рентген аппарати мониторидаги тасвирларга кўра ичида тақиқланган буюмлар ёки божхона тўловлари тўламасдан олиб кириш меъёрларидан ортиқча бўлган буюмлар мавжуд бўлиши мумкинлигига шубҳа уйғотган 1 та багажни кейинчалик ташқарида божхона ходими ва юк эгаси иштирокида кўздан кечириш учун қизил скотч билан белги қўйилганлик ҳолати видеотасвирда акс этган.

Халқимизда, “Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилар” – деган доно гап бор. Шундай экан, яратилган имконият ва қулайликлардан тўғри фойдаланишимиз, қонунларни ҳурмат қилишимиз лозим бўлади.