«7news.uz»да эълон қилинган материал юзасидан Давлат солиқ қўмитаси расмий муносабат билдирди

Фото: "Давлат солиқ қўмитаси"

7news.uz” интернет нашрида эълон қилган “Давлат солиқ қўмитасининг “янги тартиб”и ортидан тадбиркорлар касодга учрамоқда” мақоласи юзасидан қўмита матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.

Иш ўринларининг легаллаштирилиши биринчи ўринда ходимнинг ижтимоий-ҳуқуқий  ҳимоясини кафолатлайди.

Бугунги кунда мамалакатимизда олиб борилаётган солиқ ислоҳотлари мақолада таъкидлаганидек, тадбиркорларнинг фаолиятини касодга учратиш учун эмас, аксинча, ҳамма учун тенг шароитлар яратиш орқали тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда фуқароларнинг реал даромадларини оширишга қаратилган.

Меҳнатга ҳақ тўлаш фондида солиқ юки даражасини камайтириш мақсадида 2019 йилдан жисмоний шахсларнинг иш ҳақидан олинадиган 8 фоизли суғурта бадали бекор қилинди ҳамда 4 поғонали ставкаларда ундириб келинган ва максимал ставкаси 22,5 фоиз бўлган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бир хил 12 фоизга туширилди.

Яратилаётган шунча енгилликларга қарамасдан, кўп ишчи кучи талаб этадиган фаолият турларида ҳам ҳисоботда ишчилар сонини кам кўрсатиб, аслида фуқароларни ноқонуний ишга ёллаш, уларга “конверт” усулида ҳақ тўлаш ҳолатлари ҳалигача учраб турибди.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, 4-5 нафар қурувчи, унинг ҳам бири бошлиқ, яна бири ҳисобчи бўлса, катта бир объектни қандай қилиб битказади? Ёки раис, бош ҳисобчи ва 3 нафар ишчи билан 100-200 гектарлик фермер хўжалигини эплаш мумкинми?

Бундан ташқари ноқонуний ёлланган ишчиларнинг ижтиомий химояси, меҳнатига яраша пенсия ва нафақа олиш борасидаги ҳуқуқларининг кафолатичи?

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликларида ходимларнинг ишга жалб қилиниши борасида ҳам аниқ талаблар мавжуд. Унга кўра фермер хўжаликларига ихтисослашуви бўйича:

– камида бир дона қишлоқ хўжалиги техникасининг мавжуд бўлиши;

– сабзовот-полизчилик йўналишида ҳар гектарга камида 4 нафар;

– боғдорчилик-узумчилик йўналишида ҳар гектарга камида 2 нафар;

– ғалла-сабзавотчилик йўналишида – ғалла экиладиган ҳар 5 гектар майдонга 2 нафар,

– сабзавот экиладиган ҳар 1 гектар майдонга 4 нафардан ишчи-ходимни меҳнат шартномаси асосида ишга олиши шартлиги талаби қўйилган.

Меҳнат кодексининг 155-моддасига асосан муайян давр учун белгиланган меҳнат нормасини ва меҳнат вазифаларини тўлиқ бажарган ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи қонун ҳужжатларида меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлиши мумкин эмас. Демак, мавсумий ишлаган ишчилар билан ҳам қонуний меҳнат шартномаси тузилиши лозим.

Бугунги кунда давлат солиқ хизмати органлари текширувчи ва жазолавчи орган эмас, солиқ тўловчининг ишончли ҳамкори сифатида тадбиркорлик субъектларига ҳам ҳуқуқий ҳам амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Ўтказилган профилактик тадбирлар, тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида жорий йилннинг ўтган даврида 664 минг нафар ноқонуний ишга ёлланган фуқаролар фаолияти легаллаштирилиб, белгиланган тартибда иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат шартномалари тузилди.

Республикамиз бўйича 75 мингта фермер хўжаликлари фаолият юритиб уларда 416 мингдан ортиқ ходим меҳнат қилмоқда.

Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати бу борада «7news.uz»га расман маълум қилди.