“Маҳалла” телеканалидаги “Кафил шоу”дан “Tracker” автомашинасини ютиб олган йигит автомашинасини ололмаётганидан Президентга шикоят қилди

Миллий телеканалларимизда эфирга узатиладиган турли ўйинлар, ток шоу кўрсатувларда қимматбаҳо совринларни қўлга киритаётган юртдошларимизни кўриб, кузатмоқдамиз.

Уй, машина… Бу каби совринларни қўлга киритганларга кўпчилик ҳавас ила боқишади. Аммо улар қўлга киритган ютуқларини осонлик билан қўлга киритмоқдами? Саволга жавоб беришдан аввал Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига келиб тушган бир мурожаатни келтириб ўтсак.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ишонч телефони орқали келиб тушган мурожаатда оҳангаронлик Шахриёр Аброров 23.07.2019 йилда “Маҳалла” телеканалида Суғурта компаниясининг “Кафил шоу” кўратувида иштирок этиб, “Tracker” автомашинасини ютиб олганини аммо ҳанузгача ютуғини ололмаётганидан норозилик билдирган.

Ушбу мурожаат Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ходимлари томонидан ўрганилди. Федерация мутасаддилари Кафил суғурта компаниясига бориб, ҳолатга аниқлик киритишди.

Қилинган саъй ҳаракатлар натижасида Ш. Аброровга “Tracker” автомашинаси тезкорлик билан олиб берилди. Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси мана шундай ҳолатларда ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилишни унутмасликка чорлайди.

Фото: «Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси»