Ўзбекистонда 2020-2021 ўқув йили қабулидан бошлаб тест синовлари 5 та фан бўйича ўтказилади

Мажбурий фанлар бўйича тест топшириқлари апробацияси ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги ПҚ-4319-сон “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида 2020-2021 ўқув йили қабулидан бошлаб тест синови топшириладиган фанлар мажмуасини икки бўлимга ажратиб, биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий учта фан — она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи, иккинчи бўлимга абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фанни киритиш белгилаб қўйилган.

Давлат тест маркази томонидан барча тест топширувчилар учун мажбурий учта фан — она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича намунавий тест топшириқлари ишлаб чиқилди.

Давлат тест марказининг веб-сайтида берилган маълумотга кўра, 2019 йил 22-24 октябрь кунлари республикамиздаги ўрта махсус ва умумий ўрта таълим муассасаларида мазкур тест топшириқларининг апробацияси ўтказилади.