Чилонзор ҳокимлиги мутасаддиси Бош вазир Абдулла Арипов ва Тошкент шаҳар ҳокими имзосини қалбакилаштирди

Бош вазир Абдулла Арипов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев имзосини қалбакилаштириб ярим миллион долларни қўлга киритган фирибгарлар Ҳокимият бўлим бошлиғи бўлиб чиқди.

2019 йил 23 октябрь Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман судида А.А., А.К., А.А.А., Т.С. ва Р.М.ларга нисбатан 1-1003-1904/209-сонли жиноят иши кўриб чиқилди.

“Jahon.uz”  нашрининг суд органларидаги манбасига кўра, судланганлардан икки нафари Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ҳокимлиги қурилиш бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган, иккитаси вақтинча ишсиз ва бир нафари юрист бўлган.

Судланувчи А.А. ва Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ҳокимлиги қурилиш бўлим бошлиғи А.К.лар бир гуруҳ бўлиб, олдиндан тил бириктириб, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш мақсадида, 2017 йил февраль ойида А.А.га А.К.ни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ходими сифатида таништиришган ва жабрланувчи Г.Г.ни ҳамда фуқаровий даъвогар Б.Фатиллоевларни пора беришга далолат қилиб, ҳокимликда юқори мансабларда ишлайдиган шахслар орқали Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Муқумий кўчасида жойлашган 0,93 га. ҳамда Яшнобод тумани, Шаҳрисабз кўчасида жойлашган 0,26 га. ер майдонларининг ҳар бир сотихига 10.000 АҚШ долларидан ҳисоблаб, жами 1.190.000 АҚШ доллари (9.314.403.700)га Тошкент шаҳар ҳокимининг эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи қарорини чиқартириб беришларини ваъда қилишган ва судланувчи А.К., Г.Г.ни ишонтириш учун Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармасининг “Venti Group” МЧЖга ер ажратилишига розилик берувчи 05.03.2018 йил санаси билан №01/196-2-сонли ҳамда “Ventotto Construction” МЧЖга ер ажратишга розилик берувчи 07.03.2018 йил санаси билан №01/208-2-сонли хатларини сохталаштириб тайёрлаган ва ушбу ҳужжатларни қалбаки эканлигидан хабари бўлмаган судланувчи А.А. орқали Г.Г.га тақдим этган.

Шу билан бирга 2018 йил июнь ойида ер ажратилиши юзасидан ишларни амалга ошираётганликларига Г.Г.ни ишонтириш учун судланувчи Б.Б. Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири А.Ариповнинг номи билан сохта баённома расмийлаштириб, Г.Г.га тақдим этган.

Шу билан бирга 2018 йил сентябрь ойида ер ажратилиши юзасидан ишларни амалга ошираётганликларига Г.Г.ни ишонтириш учун судланувчи А.К. “Venti Group” МЧЖ ва “Ventotto Construction” МЧЖга ер майдонлари ажратилишига рухсат берувчи Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Артикходжаев, ҳокимликнинг масъул ходимлари Н.Максумов, О.Талипджанов, Д.Хидоятов, Б.Холматов, Ш.Расулов ва С.Гафаровларнинг номи кўрсатилган сохта қарорни тузиб, Г.Г.га тақдим этган ва судланувчи А.А. 2017 йил февраль ойидан 2018 йил сентябрь ойига қадар Тошкент шаҳарининг турли жойларида Г.Г.дан жами 527.000 АҚШ долларини давомий равишда фирибгарлик йўли билан олиб, ушбу пуллардан 67.000 АҚШ долларини А.К.га берган ва олиши лозим бўлган 663.000 АҚШ долларини қўлга кирита олмасдан, жиноий ҳаракатларини ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказа олишмаган.

Бир неча ой давом этган тергов ҳаракатларидан сўнг, иш судда кўриб чиқилди ва судья ҳукм ўқиди.

Ҳукмга кўра, А.А. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг(ЖК) 168-моддаси 4-қисмининг “а” банди, 25,168-моддаси 4-қисмининг “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан айбдор деб топилди ва узил-кесил ўташи учун 5 (беш) йил-у 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони ўташ муддати 13.03.2019 йилдан бошлаб ҳисоблансин.

А.К. 25,168-моддаси 4-қисмининг “а” банди, 28,211-моддаси 3-қисмининг “а” банди ва 228-моддаси 2-қисмининг “а,б” бандлари билан айбдор деб топилди ва у узил-кесил ўташи учун 1 (бир) йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, яъни давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларида мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси ва 5 (беш) йил-у 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.

Қолган судланувчилар эса молиявий жазога тортилгани маълум бўлди.