Ўзбек спорти тарихида илк бор замонавий бешкураш спортида Олимпия ўйинларига лицензия қўлга киритилди

Токио Олимпиадаси цикли ўзбек спорти тарихида унутилмас воқеликларга бой бўлмоқда. Зеро, спортчиларимизнинг бўлажак мусобақага кўпроқ лицензия олишларини таъминлашга ҳукумат даражасида катта эътибор қаратилмоқда. Ривожланиши бир мунча тўхтаб қолган спорт турлари эса жадаллик билан ўсиб бормоқда.

Айни кунларда Хитойнинг Ухань шаҳрида замонавий бешкураш бўйича Осиё-Океания минтақаси учун Токио Олимпиадасига лицензия берувчи мусобақа бўлиб ўтмоқда. Қувонарлиси, ушбу турнирда спортимиз тарихида илк бор ўзбекистонлик замонавий бешкурашчи Алисэ Фахрутдинова ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма қўлга киритди. Мазкур мусобақада терма жамоамиз мамлакатлар рейтингида учинчи ўринни эгаллади ва бу делегациямиз учун Олимпия ўйинларига битта лицензия тақдим қилди.

Мусобақада кучли бешлик қуйидаги кўринишни ҳосил қилди:

1. Жанубий Корея
2. Япония
3. Ўзбекистон
4. Хитой
5. Қозоғистон

Замонавий бешкураш яқин-яқингача мамлакатимизда паст ривожланган спорт турларидан бири бўлиб келар, ҳатто спортчиларнинг шуғулланиши учун базаси ҳам йўқ эди. Аммо давлатимизнинг спортга қаратаётган эътибори, қолаверса, федерациянинг ҳозирги раҳбарияти саъйи-ҳаракатлари билан ушбу спортга эътибор тубдан ўзгарди ва айни дамда янги даврни бошдан ўтказмоқда.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Ўзбекистон замонавий бешкураш федерациясини қўлга киритилган бундай муваффақият билан муборакбод этади. Қайд этиш жоиз, бу делегациямиз учун Токио-2020 Олимпия ўйинларига қўлга киритилган ўн иккинчи лицензия бўлди.