Тошкент давлат аграр университети ўрмон хўжалиги ва доривор ўсимликлар факультети учун бино қурилиши юзасидан жиноят иши очилди

«Facebook» ижтимоий тармоғида эълон қилинган «Тошкент вилояти прокуратураси пулни нега қайтармаяпти?» номли мақола юзасидан “Facebook” ижтимоий тармоғида эълон қилинган “Тошкент вилояти прокуратураси пулни нега қайтармаяпти, МИБ нега вазифасини бажармаяпти?” номли мақола Мажбурий ижро бюроси томонидан кўриб чиқилган.

Мазкур мурожаатда А.З. ва Ш.Сга нисбатан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан қўзғатилиб, тергов қилинган жиноят иши бўйича зарарни қоплаш учун тўланган 452 миллион 900 минг сўм пул суднинг ҳукмига биноан уларга қайтарилиши белгиланган бўлса-да, ҳанузгача қайтариб берилмаётгани кўрсатилган.

Аниқланишича, «Tqvt» МЧЖ мансабдорлари Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси ижро аппарати ҳамда Тошкент давлат аграр университети ўрмон хўжалиги ва доривор ўсимликлар факультети тўрт қаватли биносининг қурилиши бўйича ҳақиқатан бажарилмаган қурилиш-монтаж ишлари бажарилгани ҳақида қўшиб ёзиб, давлат бюджетига жуда кўп миқдорда зарар етказгани юзасидан 2018 йил 26 декабрда ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов Тошкент вилояти прокуратураси томонидан олиб борилган.

Жиноят иши юзасидан ўтказилган назорат ўлчовида жамият томонидан жами 656 миллион 985 минг сўмлик қурилиш-монтаж ишлари қўшиб ёзилгани  натижасида давлат бюджетига жуда кўп миқдорда зарар етказилгани аниқланган. Жиноят иши 2019 йил 13 майда мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судига юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Қиб­рай тумани судининг 2019 йил 8 июлдаги ҳукмига кўра Ш.С. ва А.З.нинг ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликдаги айби тасдиқланмаган ва ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан реабилитация қилинган. Шу билан бирга, Ш.С. ва А.З. ЖКнинг 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 228-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбли деб топилиб, уларга нисбатан жарима жазоси тайинланган.

Тошкент вилояти прокуратураси томонидан суднинг мазкур ҳукмига протест киритилган бўлиб, ҳозир кассация тартибидаги суд жараёнида кўриб чиқилмоқда.

Бу ҳақда Тошкент вилояти прокуратураси муаллифга жавоб хати юборган.

Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бу ҳақда маълум қилди.