Спорт мактаблари айрим ходимларининг маоши ошади

“Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ҳамда Ўзбекистон Республикасида тренерлик фаолиятларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори (918-сон, 19.11.2019 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ 2019 йил 1 декабрдан бошлаб республикада фаолият юритаётган тренерлар Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ҳамда унинг филиаллари базасида ҳар 5 йилда аттестациядан ўтказилади.

2020 йил 1 январдан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий гвардия тасарруфидаги спорт мактабларининг директорлари, директор ўринбосарлари, тренер, инструктор-методистлари ҳамда олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатларининг тренер, инструктор-методистларининг базавий
тариф ставкалари ўртача 1,35 бараварга оширилади.

Қарор билан Тренерларни аттестациядан ўтказиш ва уларга рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга кўра, аттестациядан муваффақиятли ўтган тингловчиларга тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун белгиланган намунадаги рухсатнома берилади.

Рухсатномани расмийлаштириш учун тўлов кунидаги БҲМнинг бир баробари ҳисобида (223 000 сўм) тўлов ундирилади.

✅ Қуйидаги шахсларга аттестациядан ўтмасдан ва тўловни ундирмаган ҳолда тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатнома чекланмаган муддатга берилади:
👉 “Хизмат кўрсатган спорт устози” ва “Хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, “Халқ ўқитувчиси”, “Ўзбекистон ифтихори”, “Хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвонларига ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида профессор ёки доцент илмий унвонига эга бўлганлар;
👉 олимпия ва паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари ҳамда уларнинг тренерлари.