Қалин қор ва автобусдаги носозлик сабаб 55 нафар ҳамюртимиз Қозоғистондаги совуқда қолиб кетди

Мамлакатимизнинг Ақтау шаҳридаги (Қозоғистон) Бош консулхонаси 2019 йил 20 ноябрь куни Самара-Чимкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган ва ичида 57 нафар одам, жумладан, 55 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган автобус Ақтобе вилояти Хромтау тумани ҳудудида техник носозлик туфайли тўхтаб қолгани тўғрисида ОАВда тарқалган маълумотни тасдиқлади. Бу ҳақда ТИВ хабар берди.

Фавқулодда вазиятлар бўйича вилоят департаменти ёрдамида ҳамюртларимиз иссиқ жойга эвакуация қилинди. Улар орасида тиббий ёрдамга муҳтожлар мавжуд эмас. Совуқ об-ҳавога қарамай автобусда ёз учун мўлжалланган ёнилғидан фойдаланилгани ва у музлаб қолгани носозликка сабаб бўлган. Айни пайтда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

«Халқ сўзи» нашрининг маълум қилишича, Бош консулхона вазиятни назоратга олди ва Қозоғистоннинг тегишли идоралари билан доимий алоқада бўлиб турибди.

Шу билан бирга ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти яна бир бор Ўзбекистон фуқаролари эътиборини автобусларда ёки автомобиль транспортининг бошқа турларида қишки вақтда Қозоғистонга киришда ёки унинг ҳудудидан ўтишда эҳтимолий хатарларни ҳисобга олиш ва тегишли чоралар кўриш зарурлигига қаратади.

«Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари, жумладан транзит билан бошқа давлатга ўтаётган юртдошларимиз, зарур ҳолларда мамлакатимизнинг Нур-Султон шаҳридаги Элчихонасига (Нур-Султон шаҳри, Ақмўла, Шимолий Қозоғистон, Павлодар, Қостанай ва Қарағанда вилоятлари, тел.: +7-717-295-45-87, +7-777-218-20-10 (Телеграм, Wҳатсапп, Имо); Ақтау шаҳридаги Бош консулхонага (Ақтўбе, Атирау, Ғарбий Қозоғистон ва Мангистау вилоятлари, тел.: +7-29-277-71-17, +7-777-599-00-50, +7-777-599-00-51); Олмаота шаҳридаги Бош консулхонага (Олмаота шаҳри, Чимкент шаҳри, Олмаота вилояти, Шарқий Қозоғистон, Туркистон, Жамбил ва Қизилўрда вилоятлари, тел.: +7-727-299-20-70, +7-727-390-26-16) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз», – дейилади хабарда.