Ички ишлар органлари фаолияти учун мўлжалланган «Хан» электрокари синовдан ўтказилмоқда

Андижон кўчаларида ички ишлар органлари фаолияти учун мўлжалланган «Хан» электрокари синовдан ўтказилмоқда. Унинг оғирлиги 400 килограммга яқин бўлиб, 45 км/соат тезликкача ҳаракатланиши мумкин, қўшимча 120–150 километр йўл боса олади ва оддий розетка орқали қувват олади.

Ушбу экологик тоза, шовқинсиз ва ихчам транспорт воситаси осойишталик посбонларининг туристик зонадаги хизмат фаолиятида ҳамда одамлар гавжум жойларда патруллик қилишида қўл келади. Митти машинанинг аккумуляторлари юкхонада жойлашган. Электромобиль модулли тузилган бўлиб, йўловчилар ўрни сонини ўзгартириш имконига эга. Бир маромда, равон юра олиши ҳамда ёнғин чиқиш ва портлаш хавфи камлиги билан ажралиб туради.

Электрокар атмосферага ишланган газларни чиқармагани сабабли атроф-муҳитга зарар етказмайди. Унинг тузилиши қўшимча ускуналар ўрнатиш имконини беради.

«Хан»нинг синов учун ишлаб чиқарилган намунаси Хонобод шаҳридаги «Хонобод Кю Би Коин» МЧЖда яратилган. Синов якунлангач, бу каби автомобилларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Улар нафақат Андижон вилоятида, балки мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам патруль-пост хизмати нарядлари фаолиятига жорий этилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, келгусида корхона цехларида турли вазифаларни бажарувчи электромобиль, электроскутер ва мотицикллар ишлаб чиқарилади.

Борис КЛЕЙМАН.

«Postda. uz.»