Тошкентлик Асилбойдан олинган 310 минг АҚШ доллари ва 75 миллион сўм унга қайтарилмайдиган бўлди

Хабарингиз бор, маҳаллий аҳоли “тили”да Тошкентда АҚШ доллари қора бозорининг эгаси деб юритиб келинган Асилбой Ҳакимовнинг қамоққа олиниши катта шов-шувларга сабаб бўлган эди. Унинг уйига кирган Департамент ходимларига тан жароҳати етказилган, уларнинг қонуний фаолият олиб боришларига тўсқинлик қилинган эди.

Айни мана шу воқеалар ортидан тезкор гуруҳ вакиллари Асилбой Ҳакимов ва унинг жиноий шерикларини зудлик билан қўлга олган. Қўлга олинганлар орасида Асилбой Ҳакимовнинг акаси Абдулфаттоҳ Ҳакимов (Муқаддам ноқонуний валюта олди-сотдисида айбланиб жазога тортилган)нинг бўлгани маълум бўлди.

“Jahon.uz”нинг ишончли манбаси хабарига кўра, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман судининг 2019 йил 16 августдаги ҳукмига кўра, А.Хакимов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 127-моддаси 3-қисми, 164-моддаси 4-қисми “в” банди, 177-моддаси 3-қисми “а,б” бандлари, 28,243-моддаси, 243-моддаси билан оқланиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 184-моддаси 3-қисми, 189-моддаси 1-қисми, 219-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт юз баравари миқдорида 59.910.000 сўм жарима жазоси тайинланган.
2019 йил ноябрь ойининг 28 куни жиноят ишлари бўйича

Тошкент шаҳар суди кассация инстанцияси судлов ҳайъати ўз биносида, очиқ суд мажлисида, Ҳакимов Абдулфаттох Абдукаримовичга оид жиноят ишини кўриб чиқди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман судининг 2019 йил 16 августдаги Хакимов Абдулфаттох Абдукаримовичга нисбатан чиқарган ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг Асилжон Хакимов ва бошқаларга оид ҳукмига кўра, олиб қўйилган 310.902 (уч юз ўн минг тўққиз юз икки) АҚШ доллари ва 75.220.000 (етмиш беш миллион икки юз йигирма минг) сўм пуллар мажбурий тўловлар ва жарималарга қаратилди.