Шавкат Мирзиёев қўллаб-қувватлаган тошкентлик таниқли тадбиркор ака-укалар қамоққа олинди

Фото: "Jahon.uz"

Ака-ука тадбиркорларнинг икки нафари Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан қамоққа олинди.

«Jahon.uz»га маълум бўлишича, Тошкент шаҳрида йирик тадбиркорлик бизнесларига эга бўлган ака-ука Миралиев Ойбек Мирзоҳидович, Миралиев Элдор Мирзоҳидовичга нисбатан даставвал Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан айблов эълон қилинган ҳамда уларнинг қилмишида жиноят таркиби йўқлиги учун жиноят иши ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига кўра тугатилган.

Жиноят иши тугатилгани ҳамоноқ, ака-ука тадбиркорлар Бош прокуратура томонидан олиб кетилган ҳамда жиноят иши янгитдан очилиб, уларга Тошкент шаҳар Яшнобод тумани Жиноят ишлари бўйича суди томонидан қамоққа эҳтиёт чораси қўлланилган.

Айрим манбаларга кўра, жиноят иши “Назоратда” деган тамға билан, гарчи етказилган зарар миқдори дейилган пул маблағлари банк муассасасига тўланганлигига қарамай адвокатларнинг барча илтимосномалари рад қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев ака-ука тадбиркорлар Ойбек, Элдор, Сардор Миралиевлар томонидан Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида барпо этилган “Salom San City” мажмуасига ташриф буюриб, яратилган ишчи ўринлари билан танишган ҳамда қилинган ишларни олқишлаган эди.

Шавкат Мирзиёев тадбиркорларга имкон бериб, уларнинг фаолиятига нисбатан асоссиз текширувларни тўхтатиш кераклиги борасида такрор ва такрор таъкидланаётган бир замонда шахсан Президентнинг ўзи қўллаб-қувватлаган ака-ука тадбиркорлар фаолиятига боғлиқ бўлган МЧЖ штампи ва жиноят ишига мутлоқо алоқаси бўлмаган “Mercedes Maybach”автомашинаси олиб кетилган.

Биз журналистик суриштирув давомида ушбу жиноят иши ортида “авторитет” инсонлар турганлиги ҳамда уларни қўллаб-қувватлаб турганлар борлигини аниқладик.

Журналистик суриштирув натижасида уларни омма эътиборига тақдим этиб борамиз.