“Юлдузча” номидаги МТМнинг омбор мудири ўлдирилгани расман тасдиқланди

Фото: "7News.uz"

2019 йилнинг декабрь ойи охирида Интернет тармоқларида Қарши шаҳридаги “Юлдузча” мактабгача таълим ташкилотининг омборхона мудири ўлдирилганлиги тўғрисида ахборот тарқалди. Жиноят 2019 йилнинг 18 декабрида ташкилотда кир ювувчи ходим аёлнинг турмуш ўртоғи томонидан содир этилган . Воқеада болалар жабрланмаган.

“Юлдузча” МТТ идоравий ташкилот ҳисобланиб, Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси юрисдикцияси доирасида жойлашган. Тарбияланувчиларни қабул қилиш, шунингдек ходимларни ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш Ички ишлар бошқармасининг туман бўлими томонидан амалга оширилади. Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ушбу МТТга ИИБ рухсати билан методик ёрдам кўрсатилади.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан МТТда хавфсизликни ошириш юзасидан ишлар амалга оширилмоқда. Шунга кўра, Мактабгача таълим вазирининг 2019 йил 14 октябрдаги 188-сонли буйруғига мувофиқ қўриқчилар учун қўшимча иш ставкалар жорий этилганлиги муносабати билан МТТ лари энди дам олиш ва байрам кунларида ҳам қўриқланади.

Бундан ташқари, МТВнинг ишчи гуруҳи томонидан мактабгача таълим ташкилоти ҳудудига бегона шахсларнинг киришини тартибга солувчи ҳужжат ишлаб чиқилмоқда. Қарши шаҳрида содир этилган ҳолатдан келиб чиққан ҳолда, тарбияланувчилар хавфсизлиги мақсадида қўшимча чекловлар жорий этилиши лозим. Бу руҳий жиҳатдан носоғлом, жиноят содир этишга мойиллиги бор, юқумли ва бошқа касалликлар билан касалланган шахсларнинг болалар олдида бўлиши хавфини камайтиради. Ҳужжатнинг лойиҳа вариантида ташриф буюрувчилар МТТга ташриф буюриш сабаби мавжуд бўлган ҳолда мудир ҳамроҳлигида ташкилотга кира олиши назарда тутилмоқда. Мактабгача таълим ташкилотида фаолият олиб борувчи эр-хотин ёки қариндошлар ёнига ташриф буюриш сабаб ҳисобланмайди. Мактабгача таълим вазирлиги жиноят қурбонининг оиласига ҳамдардлик билдиради.

Айни пайтда Прокуратура томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддасига (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш) мувофиқ жиноят иши қўзғатилган. Маълумот учун : Ушбу жиноятни содир этганлик учун ўн беш йилдан йигирма беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади.