Тошкентдан Фарғонага йўлга тушган 58 ёшли таксичи ваҳшийларча ўлдириб кетилди

06.01.2020 йил фуқаро Б.Давидова Оҳангарон туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, унда 1962 й.т. турмуш ўртоғи К.Юлдашевнинг 05.01.2020 йилда оқ рангли “Кобальт” русумли, давлат рақами 40Z075RA бўлган автомашинада “Қўқон-Тошкент” йўналиши бўйлаб кира қилиш мақсадида уйидан чиқиб кетганлигини маълум қилиб, уни топишда амалий ёрдам беришни сўраган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 07.01.2020 йил соат 18:00 ларда бедарак йўқолган К.Юлдашевнинг бошқарувидаги “Кобальт” русумли, давлат рақам белгиси 40Z075RA бўлган автомашина Оҳангарон шаҳри ҳудудидан топилган.

Ҳодиса жойи ва автомашина кўздан кечирилиб, автомашина салони ва юкхонасидан қонга ўхшаш қизғиш доғлардан намуналар ва ўриндиқ жилдлари ашёвий далил тариқасида олинган.

Ушбу ҳолат юзасидан 07.01.2020 йилда ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “и” банди (тамагирлик ниятида қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши юзасидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари жараёнида, К.Юлдашевнинг мурдаси 08.01.2020 йилда “Ангрен” дарёси ўзани чап томонидан қотиллик аломатлари билан топилган.Ҳозирда жиноятни фош этиш чоралари кўрилмоқда ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бу ҳақда Тошкент вилоят прокуратураси маълум қилди.