“Ўзбекнаво” мулозими гала-концертдан тушган 235 млн. 567 минг сўмни талон-тарож қилди

2020 йил 7 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судья Т.Турсунов раислигида бу жиноят иши кассация инстанциясида кўриб чиқилди ва ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди.

“Jahon.uz” нашрининг ишончли вакили тақдим қилган тергов ва судга оид ҳужжатларда келтирилишича, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Тошкент вилоят бўлинмаси директори, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Лицензия бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган Ш.Р. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топилган ва унга нисбатан жазо тайинланган.

Ш.Р. Тошкент шаҳар “Истиқлол” санъат саройида ўтказилган “Марду майдон” жонли ижродаги қўшиқлар фестивали гала-концертида умумий қиймати 70 млн.703 минг сўмлик 3932 та чипталар сотув учун чиқарилган бўлсада, мазкур чипталардан 790 таси, яъни 16 млн 410 минг сўмлиги сотилганлиги, қолган 3142 та яъни 57 млн. 293 минг сўмлик чипталар сотилмай қолганлиги ҳақида сохта маълумотларни киритган далолатномани тузиб, ушбу далолатномага бўлинма директори Ф.У. ва ходимлар И.И ва М.О.лар томонидан имзо қўйилишини таъминлаган.

Бунинг натижасида юқорида ўтказилган концерт дастурида сотилган чипталардан тушган 57 млн 293 минг сўм пул маблағлари талон-тарож қилинган.

Шунингдек, Ш.Р ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Тошкент вилоят бўлинмаси директори Б.К. билан жиноий тил бириктириб, Тошкент шаҳар “Истиқлол” санъат саройида “Марду майдон” жонли ижродаги қўшиқлар фестивали гала-концерти учун чиқарилган, умумий қиймати 78 млн. 457 минг сўмлик 3932 та чипталардан сотилмай қолганларини белгиланган тартибда саноқдан ўтказиб, йўқ қилиш ҳақида сохта маълумотлар киритган далолатномани тайёрлаб, ушбу далолатномага бўлинма ходимлари М.И. И.И. ва М.О. томонидан имзо қўйилишини таъминлаган. Бунинг натижасида юқорида ўтказилган концерт дастурида сотилган чипталардан тушган 37 млн. 687 минг сўм пул маблағлари талон-тарож қилинган.

Ш.Р ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Тошкент вилоят бўлинмаси директори Б.К. билан жиноий тил бириктириб, Тошкент шаҳар “Истиқлол” санъат саройида ўтказилган “Янги йил муборак, Ўзбекистоним-сен менинг мангу бўстоним” номли концерт дастурида умумий қиймати 227 млн. 718 минг сўмлик 11796 та чипталар сотув учун чиқарилган бўлсада, ушбу чипталардан 4684 таси, яъни 87 млн. 131 минг сўмлиги сотилганлиги, қолган 7112 та, яъни 140 млн. 587 минг сўмлик чипталар сотилмай қолганларини белгиланган тартибда саноқдан ўтказиб, йўқ қилиш ҳақида сохта маълумотлар киритган далолатномани тайёрлаб, ушбу далолатномага бўлинма ходимлари М.И. И.И. ва М.О. томонидан имзо қўйилишини таъминлаган. Бунинг натижасида юқорида ўтказилган концерт дастурида сотилган чипталардан тушган 140 млн. 587 минг сўм пул маблағлари талон тарож қилинган.

Юқоридаги ҳолатларда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Ш.Р.нинг содир этган жиноий ҳаракатлари натижасида, жами 235 млн 567 минг сўм пул маблағлари талон-тарож қилинганлиги маълум бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман судининг ҳукмининг Ш.Р.га оид қисми ўзгаришсиз, келтирилган шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилган.