“Рустам Шоабдураҳмоновнинг каратэчилар билан учрашгани ёлғонми ёки МОҚ раҳбари «запрет»га тушдими?” номли мақоласи юзасидан тушунарсиз изоҳ берилди

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси юртимизда Олимпия ҳаракати, жисмоний тарбия ва спорт, шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда муҳтарам Президентимиз белгилаб берган вазифалар асосида фаолият олиб бормоқда.

“7news.uz” интернет сайтининг 9 январь куни эълон қилган “Рустам Шоабдураҳмоновнинг каратэчилар билан учрашгани ёлғонми ёки МОҚ раҳбари «запрет»га тушдими?” номли мақоласига жавобан шуни маълум қиламизки, МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов тасдиқланган режага асосан Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи лицензион мусобақаларга тайёргарлик кўраётган терма жамоалар билан учрашиб, ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинлари, спортчиларга яратилган шароитлар билан бевосита танишмоқда. Бунга қадар бокс, оғир атлетика, спорт курашлари, дзюдо, байдарка ва каноэ ва академик эшкак эшиш бўйича терма жамоаларимиз билан ҳам ана шундай учрашувлар ташкил этилди.

7 январь куни эса МОҚ раҳбари “Универсал” спорт мажмуасига ташриф буюрди ва бу ерда янги мавсумга ҳозирлик кўраётган каратэ бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари билан учрашди. Тадбирда Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раҳбарлари ҳам иштирок этишди.

Каратэчиларимизни олдинда масъулиятли янги мавсум кутиб турибди. Рустам Шоабдураҳмонов ушбу учрашув давомида спортчиларимиз билан яқиндан суҳбатлашган ва керакли тавсияларни берган. Аммо МОҚ раҳбари мазкур тадбирда асосий эътибор спортчиларимизга қаратилиши, уларнинг тайёргарлик жараёнини оммага кўрсатишни лозим топиб, камтарлик ила ўзини намойиш этишни истамади.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси нафақат мамлакатимизда, балки халқаро майдонда ҳам ўз имиджи ва обрўсига эга бўлган ташкилот ҳисобланади. Биз ёлғон маълумот тарқатишдан асло манфаатдор эмасмиз. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳозирда бор эътиборини Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларида спортчиларимизнинг муваффақиятли иштирок этиши, улар учун барча шароитларни яратиб беришга қаратган ва бу борада бир қатор вазирлик, корхона ҳамда ташкилотлар илк маротаба Умуммиллий халқ ҳаракати сифатида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитасига яқиндан ёрдам бериб келишмоқда. Шу ўринда юртимиздаги оммавий ахборот воситаларини ҳам мазкур ташаббусларни қўллаб-қувватлашга чорлаб қоламиз.

Қуйида учрашувда МОҚ раҳбари иштирок этган фотосуратлар ҳавола қилинади: