Империя тарихида бурилиш ясаган Кўсем Султон

0
743

Кўсем Султон, Моҳипайкар исми билан ҳам машҳур (туркчаси, Mâh-Peyker Kösem; тахминан 1590 — 1651 йил 2 сентябрь), Усмоний Султон Аҳмаднинг иккинчи ё учинчи канизаги (хасаки унвони бўлган) ва Мурод IV ва Иброҳим I султонларнинг онаси. Фарзандлари султонлик қилган даврларда Волида Султон унвонига эга бўлган ва Усмонийлар султонлигида катта таъсирга эга бўлган аёллардан ҳисобланади. Меҳмед IV султонлиги даврида султоннинг бувиси бўлиб, Буюк Волида унвонига эга бўлган. Умумий ҳисоб билан 30 йилга яқин ҳокимиятда бўлган. Унинг таъсири билан султон Аҳмад Мустафо I ҳаётини сақлаб қолган ва шу тарзда Усмонийлар салтанатида тахтни мерос қилиш тартиби ўзгарган. Турхон султон тарафдорлари тарафидан ўлдирилган.

Келиб чиқиши ва ҳарамдаги илк йиллар

Ҳарамга келишидан олдинги ҳаёти ҳақида ишончли маълумотлар йўқ. Қайси йил таваллуд топгани ҳам номаълум. Бироқ баъзи манбаларда унинг юнон ёки босниялик қиз экани ҳақида айтилган. Унинг юнон қизи эканилиги ҳақидаги хабар италян саёҳатчиси Петро делла Валле тарафидан битилган мактубда илк бор зикр қилинган. 1615 йил 25 октябрда Истанбулдан Кўсем султон ҳақида битилган мактубда: “Агар тўғри тушунган бўлсам, у юнон руҳонийсининг қизи бўлиб, Константинополдан 200 чақирим узоқликда жойлашган шаҳар ёки мамлакатдандир”. Унинг насронийликда бўлган исми маълум эмас, бироқ кенг тарқалган тахминларга кўра, унинг исми Анастасия бўлган. Тахминларга кўра, у Босния санжакбейи тарафидан қул сифатида сотиб олинган ва 15 ёшида у ҳарамга келтирилган. Унга Моҳипайкар деб исм берилган. Унинг бошқа бир исми Кўсем бўлиб, бу исмни унга Аҳмад султон берган. Бу исмнинг келиб чиқиши ҳақида яна бошқа талқинлар ҳам бор. Усмонийлар тилини ўрганган Петро делла Валленинг ёзишича, бу исм сочсиз (туркча, кўса – сочсиз, соқолсиз) деган маънони берар, танасида туклар бўлмагани учун шу номни олган бўлиши ҳам мумкин. Бундан ташқари, Ислом қомусига кўра, усмонийча kösem/kösemen сўзининг“пешво, раҳбар, эркин ва озод” деган маънолари ҳам бор экан.

Аҳмад 13 ёшида султон бўлади. Бу вақтда унинг канизаклари ҳам фарзандлари ҳам бўлмаган. Бу эса сулола учун хавфли эди. Шунинг учун ҳам анъанага хилоф равишда унинг укаси Мустафо тирик қолдирилади. Ёш султоннинг энг биринчи вазифаси ворисларни дунёга келтириш эди. Унга канизаклар ҳадя қилинди. Кўсем Аҳмад султоннинг ҳарамига келтирилганида султоннинг бошқа бир хасаки канизаги бор эди. Аҳмаднинг катта ўғли Усмонни 1604 йили Маҳфируз туққан. Лесли Пирснинг ёзишича, Кўсем Султон иккинчи ёки учинчи канизаги бўлган. Эҳтимол бошида Кўсем ҳарамда катта таъсирга эга бўлмаган, чунки Маҳфируз Усмондан бошқа яна бир ўғил туғиб берган. Петро делла Валленинг ёзишича, султоннинг икки хотинидан тўртта фарзанди бўлган. Ўзининг ақли ва гўзаллиги туфайли Кўсем Аҳмад султоннинг севикли аёлига айланди.

1610 йиллар ўртасида Кўсем Султон таъсирида Аҳмад Султон Маҳфируз султонни эски саройга бадарға қилади. Венеция элчиси Контарини 1612 йилда Кўсем султоннинг ғазабини келтирган аёлни султон уриб ташлагани ҳақида ёзганда Маҳфирузни назарда тутган. Кўсем султонга жуда кўп фарзанд туғиб берган. Сўнг фарзанд ва невараларини юқори лавозимни эгаллаган шахслар никоҳига бериб, катта таъсирга эга бўлган.

Мустафо I ва Усмон II ҳукмронлик даврида

Аҳмад I ҳукмрон бўлган вақтида Кўсем сиёсий соҳада қандайдир таъсирга эга эмас эди. Унинг ўлимидан сўнг, 1617 йил 22 ноябрь куни укаси Мустафо I тахтга ўтиради. Усмонийлар саройи урф-одатига кўра, Аҳмад тахтга чиққан куни у ўлдирилиши керак эди. Бироқ Аҳмад 13 ёшида тахтга чиққан ва ворис бўладиган фарзандлари ҳам йўқ эди. Демак, у ўладиган бўлса, ворислари йўқ бўлгани боис сулола узилиши хавфи бор эди. Бундан ташқари, яна иккита омил бор эди: биринчидан у руҳий хаста бўлиб исён кўтариш ёки бошқа сиёсий жиҳатдан хавфсиз эди. Иккинчидан, Мустафони ўлимдан Кўсем сақлаб қолишга ҳаракат қилган. Венеция элчиси Симон Контарини 1612 йилда хабар қилишича, Кўсем Аҳмадни Мустафони қатл қилмасликка кўндирган. У султонга ўзи ҳам султоннинг тўнғич фарзанди бўлмаса ҳам тақдир уни тахтга чиқишини насиб қилганини айтган. Шунинг учун, усмонийлар одатига хилоф бўлса ҳам, у укасига зарар қилмаслиги кераклигига ишонтиради. Контаринининг сўзига кўра, Кўсем бу билан «Аҳмаднинг ўз укасига бўлган марҳаматини кейинроқ ўзининг фарзандлари ва бошқа шаҳзодаларга ҳам татбиқ қилиниши»ни истаган.

Мустафо ҳукмрон бўлганидан сўнг Кўсем султонни ўлган султонларнинг канизаклари ва қизлари бадарға қилинадиган эски саройга юборади. Мустафо фақат уч ойгина султон бўлади. 1618 йил 26 феврал куни у тахтдан ағдарилади, бироқ қатл этилмайди. Аҳмад султоннинг 14 ёшли Усмон исмли фарзанди янги султон бўлади. Усмоннинг онаси ёш вафот қилганлигини 1615 йили Петро делла Вале қайд этган экан. Усмон ёшлик вақтидаёқ Кўсем у билан дўстона муносабат ўрнатишга ҳаракат қилган. Усмон ўгай онасига ҳурмат кўрсатади ва 1619 йили, султон бўлиб турганида эски саройга уни зиёрат қилгани келади. Бироқ шундай бўлишига қарамай, Хотин урушига кетишидан олдин Усмон Кўсемнинг катта ўғли Меҳмедни қатл қилишга буйруқ беради. Хотин урушида усмонийлар мағлуб бўлади. Султон ва яничарлар ўртасида зиддият янада кучаяди. 1622 йили 19 май куни Мустафонинг онаси Ҳалима Султон ва куёви Қора Довуд Поша тарафидан кўтарилган исён натижасида Усмон тахтдан ағдарилади ва сўнг ўлдирилади.

Усмоннинг ҳарамида бир нечта хасакиси бўлгани билан унинг фарзандлари бўлмаган. Мустафо яна султон бўлади. Ҳалима эса, волида унвонига эга бўлади. Сулишовский бу кунлар ҳақида қуйидагиларни ёзган эди: «Тўрт кун давом этган исён гўё ҳеч нарса бўлмаганидек бир зумда тўхтади». Кўсем учун бу даврлар жуда оғир кунлар эди. Чунки Довуд Пошонинг Султон Меҳмед III қизидан иккита ўғил фарзанди бор эди. Агар Аҳмад султоннинг тирик ўғиллари йўлдан олиб ташланса, келажакда унинг фарзандлари ҳокимиятга келиши мумкинлиги эҳтимоли бор эди. Шунинг учун ҳам Кўсемнинг катта ўғли Муродга суиқасд уюштирилди.

Мустафонинг иккинчи ҳукмронлиги 1623 йилнинг 10 сентябригача давом этди. Бу алғов-далғов давр бўлди: Абаза Пошо исён кўтарди ва Усмон II қотилларига жазо беришни талаб қилди. Ҳалима ва Бош вазир бўлиб олган Қора Довуд Пошо ҳукмронлигига қарши бўлиб, норози бўлганлар жуда кўп эди. Волида султон исёнчиларни тинчлантириш учун 13 июнь куни Қора Довуд Пошони ишдан олади, бироқ бу чора ёрдам бермайди ва декабрда исёнга сипоҳилар ҳам қўшилади. 1623 йили эса Усмон қотилларига жазо беришни вазирлар ҳам талаб қила бошлайди. Қора Довуд пошо ва бошқа қотилликка алоқаси борлар қатл қилинади.

Шундай бўлишига қарамай, яъни Ҳалима султоннинг катта қурбонлар эвазига Мустафони тахтда сақлаб қолишнинг иложиси бўлмайди. 1623 йили май ойида Абаза Пошо 40 минг аскардан иборат қўшини билан Анқарани қамал қилади. 1623 йили 30 август ойида Бош вазир этиб Қора Али Пошо сайланади. У эса уламолар ёрдамида Ҳалима Султонни Мустафони тахтдан олишга кўндиради. Ҳалима султон кейинчалик Мустафони қатл қилмаслик шарти билан рози бўлади. Натижада, 1623 йили сентябрь ойида Аҳмад Султон ва Кўсемнинг 11 ёшли Мурод исмлик ўғли усмонийлар тахтини эгаллайди. Ҳалима эски саройга қайтади, Мустафо эса Қафасга юборилади ва умрининг охиригача шу ерда қолади.

Умумий ҳисоб билан Кўсем Султон Эски саройда олти йилча яшайди.

Волида султон

Мурод тахтга чиққанидан сўнг Кўсем давлат тўнтаришини қилиш айби билан айбланди. Шайхулислом олдида оқланишга тўғри келди. Янги султон онаси бўлгани учун Кўсем Волида Султон бўлди ва Эски саройдан Тўпқопига кўчиб ўтди. Мурод IV 11 ёшида султон бўлди ва бунинг натижасида 1632 йилгача ҳокимият Кўсем ва унинг тарафдорлари қўлида сақланди. Кўсемнинг ўзи расмий равишда регент саналиб яна беш йилча ҳукмронлик қилди. Сўнг Мурод улғаяди ва онасини давлат ишларидан четлаштиради. Бироқ шундай бўлишига қарамай, онасининг ақли, тажрибасини қадрлайди ва унга қулоқ солиб туради. Мурод тез-тез ҳарбий юриш қилиб турарди, ўша вақтларда ҳам бошқарувни онаси назорат қиларди. Мурод барча укаларини қатл қилишга буйруқ берганидаям у Иброҳимнинг ҳаётини сақлаб қололади.

1640 йили фарзанди Мурод вафот қилади. Тахтни эгаллаш учун унинг ўғиллари бўлмагани сабабли тахт усмонийлар сулоласининг ёлғиз вакили Иброҳимга насиб қилади. Иброҳим ҳукмронлигининг илк йилларида ҳокимият яна Кўсем қўлида бўлади. Кейинчалик она ва бола ўртасида муносабатлар кескинлашади. Иброҳимнинг руҳий ҳолати ҳамда Усмонийлар салтанатидаги ҳолат салбий тарафга қараб ўзгаради. Иброҳим канизаклари таъсирига тушиб қолади ва онасини Тўпқопидан бадарға қилади. Орадан бироз вақт ўтгач Иброҳим онаси ва Бош вазир уни тахтдан ағдариш режаларини қилаётганини билиб қолади. Бош вазир қатл қилинади Кўсем эса Искандар Чалабий боғига сургун қилинади.

Иброҳимнинг Венеция билан бошлаган уруши аҳоли ўртасида норозиликни келтириб чиқаради.

1648 йил саройдаги барча гуруҳлар, хусусан Кўсем ҳам султонни тезда тахтдан ағдариш лозимлиги ҳақидаги фикрга келади. 1648 йили 8 август куни султон тахтдан ағдарилади ва бир икки кундан кейин бир фатвога кўра қатл этилади. Улкан салтанат тепасига Кўсемнинг невараси ва қатл этилган султоннинг олти ёшли Меҳмед исмли ўғли келади. Меҳмед тахтга чиқиши билан унинг Турхон исмлик онаси Волида Султон унвонига эга бўлса ҳам унвоннинг барча имтиёзлари Кўсемга насиб қилади. У эса Буюк волида унвонини олади. Ўша вақтда Турхон йигирма ёшдан энди ошган бўлиб, тажрибасиз бўлгани учун уни Кўсем осонгина ҳокимиятдан узоқлаштиради.

Нафсониятли Турхон жангсиз таслим бўлишни истамайди. Кўсем уч йилдан бери ҳокимиятни эгаллагани билан, Турхон ўзига жуда кўп тарафдорлар орттиради. Буларнинг ичида ҳарам оғаларининг раҳбари ва Бош вазир ҳам бор эди. Шундай бўлишига қарамай, Кўсем тарафида яничарлар туради.

Кўсем давлат ишларини эплаб турса ҳам аҳоли орасида яничарларнинг мамлакат сиёсатига катта таъсир қилаётганига қарши норозиликлар бошланади. Бош вазир Малик Аҳмад пошо ва яничарларнинг раҳбарияти хазинадаги танқисликни ёпиш учун қилган барча чораларга қарамай, 1651 йили август ойида пойтахтда исён кўтарилади.

Тахминан ўша пайт, Кўсем Султон яничарлар розилиги билан Меҳмед IV га заҳар бериб, унинг ўрнига бошқа невараси, шаҳзода Сулаймонни тахтга келтириши ҳақидаги хабар Турхон султонга маълум бўлади. Шаҳзода Сулаймоннинг онаси Солиҳа Дилашуб Султон сўзга юрувчан бўлиб туюлган бўлса керак. Бу режалар ҳақида Турхон Султон Кўсемнинг хизматкори Малаки-хотундан билади. Кейин маълум бўлишича, бу хотин икки тарафга сўз ташиб юрувчи жосус бўлган экан.

1651 йил 2 сентябрь куни Кўсем Султон ўз хонасида Турхон тарафдорлари тарафидан ўлдирилади. Бироқ бу қотиллик Меҳмед IV онаси тарафидан режалаштирилиб ва унинг буйруғи асосида амалга оширилгани ҳозиргача тасдиғини топмаган.

Ўша вақтда шайхулислом бўлган тарихчи Қора Челебизоданинг сўзларига кўра, қотил Узун Сулаймон оға ва унинг одамлари бўлган. Улар Кўсемни ҳарамдаги шкафларнинг бирига яширинган ҳолда топиб парда арқони билан бўғиб ўлдиришади. Кўсемнинг жасадини аввал Эски саройга олиб боришади, бироқ уни кейин Султон Аҳмад масжиди яқинида Аҳмад I қабри ёнига дафн қилишади.

Фарзандлари

Мурод IV ва Иброҳим I султонлар ва шаҳзода Қосимлар аниқ унинг ўғиллари бўлган. Ойша ва Фотима исмли қизлари ҳам бўлган. Шаҳзода Меҳмед, Сулаймон, Хонзода, Атика ва Гавҳархонлар ҳақида турли тахминлар бор. Кўсем ўз қизларини катта таъсирга эга давлат арбобларига турмушга берган ва ўзи уларни қўллаб турган. Улар ҳам доим оналарининг тарафдори бўлган.

* * *

Жуда кўп тарихчилар, «хино қўйиб олган» қўллари билан катта мамлакатни бошқармоқчи бўлган, деб айтишади. Баъзилар ҳатто у ҳукмронлик қилган вақтларни «Аёллар салтанати» даври, деб ҳам қўйишади. Нима бўлганида ҳам, бир вақтлар дунёнинг энг йирик салтанати бўлган қудратли давлат айнан аёллар бошқаруви давридан бошлаб инқирозга юз тута бошлайди. Бунда ақл эгалари учун жуда кўп ҳикматлар бор.