Уфада Ўзбекистон фуқароси уч йил қулликдан сўнг озод қилинди

0
174

Россиянинг Уфа шаҳрида яшовчи шахслар Ўзбекистондан Россияга иш излаб келган эркакни уч йил қулликда сақлашган. Уни «Альтернатива» қулликка қарши ҳаракати кўнгиллилари қутқаришди, деб ёзмоқда «Такие Дела» нашри ташкилот раҳбари Олег Мельниковга асосан.

Мельниковнинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик 35 ёшли мигрант бир неча йил муқаддам Уфага пул ишлаб топиш мақсадида келган. У ўзини қурилиш фирмаси раҳбарлари сифатида таништирган шахслар билан танишиб қолган. Улар эркакнинг ҳужжатларини тортиб олиб, ўзини квартирага қамаб қўйишган. У ердан эса ўзбекистонлик мигрант ҳар куни қурилишда текинга ишлаш учун олиб борилган.

Қулликда бўлган мигрант ҳақида фаоллар маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларидан хабар топишди. Эркак ўзига таҳдид қилишгани туфайли полицияга мурожаат қилмаган. «Қутқарув амалиётини эркак рус тилини яхши билмаслиги бироз мушкуллаштирди, у фақатгина ўзини сақлашаётган кўча ҳамда квартира рақамини айта олди. Ўша кўчада эса 14 та кўп қаватли уй бор! Амалиёт  1 февралдан 2 февралга ўтар кечаси ўтказилди, унда полициячилар қатнашмади», – дея айтиб ўтди нашрга «Альтернатива» етакчиси.

Эндиликда қутқарилган мигрант Россияда ишлашга рухсат берувчи ҳужжатнинг муддати ўтиб кетгани учун жарима тўлаши лозим. Шундан сўнг у Ўзбекистонга қайтиши мумкин.