Финляндия президенти 69 ёшида яна ота бўлиш бахтига муяссар бўлди

0
110

Январь охирида иккинчи муддатга қайта сайланган Финляндия президенти Саули Ниинистё 69 ёшида яна ота бўлиш бахтига муяссар бўлди. Бу ҳақда унинг девонхонаси маълум қилди.

“Президент Саули Ниинистё ва унинг рафиқаси Йенни Хаукиода 2 февралда соат 20:00да ўғил фарзанд туғилди. Туғуруққа гувоҳ бўлган отанинг айтишича, она ва бола ўзларини яхши ҳис қилмоқдалар”, дейилган хабарда.

Ниинистё Финляндияни 2012 йилдан бошқариб келади. Хаукио Ниинистёнинг иккинчи рафиқаси бўлиб, жуфтлик 2009 йил январда турмуш қурган. Президентнинг биринчи рафиқаси 1995 йилда йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлган.

Ниинистёнинг биринчи турмушидан 1975 ва 1980 йилларда туғилган икки ўғил фарзанди бор. Унинг 40 ёшли рафиқаси биринчи марта фарзанд кўрди.