Хитойлик олимлар биринчи марта маймунларни Долли қўйи услубида клонлаштирди

0
142

Хитойлик молекуляр биологлар биринчи марта Долли қўйини клонлаштириш услубини қўллаган ҳолда Чжунчжун ва Хуахуа лақабли маймунларни олишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда TJournal хабар берди.

Олимлар биринчи марта 2000 йилда маймунларни клонлаштиришга муваффақ бўлган. Бироқ унда бошқа услуб қўлланилган — уруғланган эмбрион бир неча қисмга бўлинган, бунинг натижасида генетик жиҳатдан бир хил маймунлар туғилган. Бундай услуб фақат тўртта ҳайвонни яратиш учун мос келади.

Бу сафар мутахассислар «назарий жиҳатдан чексиз сондаги клонлар яратиш» учун Долли қўйи клонлаштирилган услубдан фойдаланди. Олимлар соматик ядровий ҳужайра ўтказмасидан фойдаланиб, донор ҳужайрадан ядрони чиқариб олди ва уни бошқа ҳайвон ҳужайраси билан алмаштирди. Тухум ҳужайрани «алдаш» учун олимлар электр токидан фойдаланган, ҳужайра ўзини «уруғланди» деб ўйлаганида эмбрион ишлаб чиқаришни бошлаган.

Олимларнинг таъкидлашича, маймунларда тана ҳарорати меъёрда, овқатланиш вақтида эмиш рефлексиялари ишламоқда, шунингдек, ривожланишда, вазнда ва бош ўлчамларида камчилик йўқ.